'Ўлим савдогари' дея таърифланган Виктор Бут АҚШга экстрадиция қилинди

Ноқонуний қурол-яроғ савдосида айбланаётган Виктор Бут Тайланддан Қўшма Штатларга экстрадиция қилинган. У ўзига қўйилаётган айблов бўйича Америкада маҳкамага тортилади.

Тайланд ҳукумати Қўшма Штатларнинг эстрадиция бўйича талабини қўллаб-қувватлаши ортидан Виктор Бут сешанба куни Банкокдан учириб юборилган.

Виктор Бут 2008 йил Банкокда Колумбия исёнкорлари қиёфасида келган жосусларга қурол сотишга уринганликда айбланиб қўлга олинганди.

Аммо, Россия унинг АҚШга топширилиши қонуний исбот асосида амалга оширилмаганини айтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотга кўра, бу Қўшма Штатларнинг Тайланд ҳукуматига мисли кўрилмаган даражали сиёсий босими натижасидир.

43 ёшли Виктор Бут Африкадаги урушқоқ қўмондонлар ва Исломий жангариларга 15 йил давомида қурол етказиб турганликда айбланади.

Британия сиёсатчилари уни "Ўлим савдогари" дея номлашган.

Виктор Бутнинг ўзи қурол-яроғ савдоси билан шуғулланганини рад этади ва расмий Москва ҳам унинг бегуноҳлигини таъкидлайди.

Агар Виктор Бут айбдор деб топилса, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бут жанобларини энг қаттиқ қўриқланувчи қамоқхонадан ҳаво қўнолғасига элтиш амалиётига ўнлаб полиция зобитлари иштирок этган.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124