Россия Лю Сяобога Нобел мукофотини бериш маросимини бойкот қилмайди

Лю Сяобо ва рафиқаси
Image caption Мукофотни оладиган одамнинг ўзи йўқ: Лю Сяобо қамоқда, унинг турмуш ўртоғи уй қамоғида

Россия келаси ой Ослода Нобел тинчлик мукофотини топшириш маросимини Москва бойкот қилмоқда, деган хабарларни рад этган.

Аввалроқ Нобел тинчлик мукофоти қамоқдаги хитойлик инсон ҳуқуқлари фаоли Лю Сяобога берилгани учун Пекин қаттиқ норози бўлган ва бошқа мамлакатларни ҳам бу маросимга бормасликка чақирганди.

Ушбу мукофот Лю Сяобога "Хитойда фундаментал инсон ҳақлари учун узоқ йиллар курашгани" учун берилади.

Демократия учун фаол курашчи ва Хитойдаги энг таниқли диссидентлардан бири 2009 йилда "давлат ҳокимиятини қўпорувчиликка даъват қилишда" айбланиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳозир фақат Россия, Қозоғистон ва Ироқ Ослога ўз вакилларини жўнатмаяпти.

Норвегиядаг Россия элчилигига кўра, келаси ой Ослода Нобел мукофотини топшириш пайти Россия элчиси қатнашмаслиги сиёсий эмас.

Элчи ўша куни Норвегияда бўлмайди холос.

Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари Кремлнинг бу амалидан ғазабда.

Россиядаги "Мемориал" ташкилоти, масалан, "бу воқелик Россиянинг инсон ҳуқуқлари масаласига қандай қарашини намоён этади," деб айтди.

Нобел Қўмитаси эса Хитой маросимга бормайсан, деб бошқа мамлакатларга босим ўтказаяпти, деб ҳисоблайди.

Чунки тинчлик бўйича Нобел мукофоти бу йил қамоққа ташланган хитойлик диссидентга берилди.

"Россия" радиоси Москванинг қарорини муҳокама этаркан, бир шарҳловчи шундай деди: "Россия учун Хитой билан ўртадаги иқтисодий алоқалар Нобелдан кўра бир неча юз маротаба муҳимроқ".

Россия ва Хитой ўртасидаги савдо-сотиқ миқёси йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

Россия Хитойга ҳар йили бир неча миллиард долларга баробар ёқилғи сотади.