"Ашаддиётлар дунёси": Экология

"Ашаддиётлар дунёси" лойиҳамизнинг бу галги қисмида дунё бўйлаб экологик вазиятга назар ташлаймиз.

Ўтган яқин йиллар ичида дунё сиёсатчилари ҳавонинг ифлосланиши ва глобал иқлим ўзгариши каби муаммоларга барҳам бериш масаласи устида бош қотиришмоқда.

Бирлашган Миллатларнинг Теварак-муҳитни муҳофаза этиш дастури идораси томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда айтилишича, олимларнинг ҳаво исишининг олдини олиш лозим эканига оид огоҳликлари ва ҳукуматлар бу йўлда амалга оширишни ваъда қилаётган ишлар орасидаги бўшлиқ анчагина каттадир.

Глобал молиявий инқироз ортидан ҳавога чиқарилаётган заҳарли газлар миқдори камайган. Аммо ушбу кўрсаткич 2009 йилда бор-йўғи 1.3 фоизни ташкил этган, холос.

Бирлашган Миллатларнинг огоҳлантиришича, давлатларнинг иқтисодлари оёққа туриши билан, яна ушбу кўрсаткичлар сакраб кетиши мумкин.

Халқаро Энергия Идорасининг ҳисоб-китобларига қаралса, Америка ва Хитой ҳавога энг кўп заҳарли газ чиқаришаркан. Ҳар икки давлат мисолида ушбу рақамлар 5.6 ва 6.5 миллион тоннани ташкил этган.

Конго Демократик Республикаси ёки Сенегалга ўхшаш иқтисоди деярли тараққий этмаган Африка давлатлари эса, ҳавога энг кам ёки умуман заҳарли газ чиқаришмас экан.

Агар киши бошига ҳисобланса, энг юқори натижалар қатор Яқин Шарқ давлатларида қайд этилган. Дейлик, бу масалада Қатар (киши бошига 42.09 тонна) илғорлик қиларкан.

Киши бошига 28.4 тонна заҳарли газ билан Тринидад ва Тобаго бу масалада юқори бешликка киришган.

Энергия ишлаб чиқаришнинг кучайиши ва қисман саноат тармоқларининг ривожланиши ортидан сўнгги йилларда атроф-муҳитнинг ифлосланиши кучайган.

Қайта тикланувчи ёқилғидан фойдаланиш масаласида Исландия дунёда етакчилик қилса, киши бошига энг кўп бензин истеъмол этувчи давлат Қатар экан.