Нобел лауреатлари АҚШни Оттава Конвенциясига қўшилишга чақирдилар

Мина
Image caption Ўтган йили пиёдаларга қарши миналар ва ўхшаш портловчи ускуналардан нобуд бўлган ва яраланганлар сони 4 мингни ташкил этган деб кўрилади

Тинчлик бўйича Нобел мукофотининг 15 лауреати Президент Обамага очиқ хат ёзиб, 1997 йилги пиёдаларга қарши миналарни тақиқлайдиган битимни имзолашга чақирганлар.

Очиқ мактубда АҚШнинг Оттава Конвенциясига қўшилиш Америкага ҳам, дунёга катта фойда келтиради, дейилган.

Миналарни тақиқлаш Оттава Конвенциясини дунёнинг 150 дан зиёд мамлакати имзолаган, аммо жаҳондаги ҳарбий жиҳатдан қудратли мамлакатлар - АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Покистон бундан четда қолмоқдалар.

Гарчи Қўшма Штатлар пиёдаларга қарши мина борасидаги ўз сиёсатини қайта кўриб чиқаётганини айтса-да ва бундай мина турларидан 10 йилдан зиёд вақтдан буён фойдаланмаган эса-да, ҳарбий истифодаларини ҳуқуқий асослаш зарур эканлигини таъкидлаб келади. Женевада эълон қилинган Нобел бўйича 15 Тинчлик лауреати, жумладан, Далай Лама, Архиепископ Десмонд Туту, Фредерик де Клерк, Муҳаммад Ал-Барадей ва бошқалар Президент Обамани Американинг мина сиёсатини ўзгартиришга чақирдилар.

Уларнинг айтишича, АҚШнинг Оттава конвенциясига қўшилиши халқаро хавфсизликни янада кучайтиради, асоссиз тинч фуқаролар талофотлари олдини олади ва бошқа мамлакатларни ҳам конвенцияга қўшилишга ундайди. Охирги йилларда қуруқлик миналарига йўлиққан инсонлар сони кескин камайган бўлса ҳам, ўтган йили пиёдаларга қарши миналар ва ўхшаш портловчи ускуналардан нобуд бўлган ва яраланганлар сони 4 мингни ташкил этган деб кўрилади.

Нобел совриндорлари Президент Обамани, ўзларининг таъбирича, бу қуролларнинг жаҳон бўйича "вайрон этувчи таъсирини" тан олишга чақирганлар.