Американинг юзини ерга қаратган Wikileaks асосчиси ҳибсга олинди

Британия полициясининг билдиришича, ошкор этган махфий ҳужжатлари ортидан номи дунёга таралган Wikileaks веб саҳифаси асосчиси Жулиан Ассанж Лондонда қўлга олинган.

Жулиан Ассанжнинг ҳибсга олинишига Швеция прокуратураси берган ордер сабаб бўлган.

Wikileaks асосчиси жинсий зўравонликка оид даъволарга алоқадорлик гумони билан қўлга олинган ва бугун кечроқ маҳкама қаршисида ҳозир бўлади.

Аввалроқ жаноб Ассанжнинг ҳимоячиси унинг ўз хоҳиши билан полиция идорасига боришга тайёр эканини айтганди.

Швеция жинсий зўравонликдан ташқари яна бир қанча айбловлар билан Жулиан Ассанжни халқаро қидирувга берган бўлган.

Кеча душанба куни Швециянинг PostFinance банки унинг ҳисоблари музлатиб қўйилишини эълон қилганди.

Жулиан Ассанж энди британ полицияси томонидан тергов қилинади.

Америкалик прокурорлар эса, ўзларини роса мулзам қилган веб саҳифа асосчисини қандай асосда жавобгарликка тортиш хусусида бош қотиришмоқда.

Ироқ, Афғонистон ва дипломатик ёзишмаларига оид юзлаб махфий ҳужжатларини кенг жамоатчиликка ошкор этиши ортидан Wikileaks АҚШ ҳукуматининг кучли босими остида қолган.

Яқинда веб саҳифага хизмат кўрсатаётган қатор америкалик ширкатлар ҳам Wikileaks билан ҳамкорликларини тўхтатишганди.