'Коррупция бутун дунёда ҳамманинг дардига айланган'- Би-би-си сўровида

Би-би-си Жаҳон Хизмати буюртмаси асосида ўтказилган янги сўров натижаларидан аён бўлишича, коррупция дунёда энг кўп муҳокама этилувчи глобал муаммога айланган.

Сўров дунёнинг 26 давлатида шу йилнинг июн ва сентябр ойлари оралиғида 13.000 дан ортиқ киши орасида олиб борилган.

Агар сўров натижаларига қаралса, иштирокчиларнинг 20 фоиздан ортиқроғи ўтган ой оила аъзолари ва дўстлари билан фақат коррупция ҳақида гаплашишган.

Коррупция - глобал иқлим ўзгариши, қашшоқлик, очлик, ишсизлик ва озиқ-овқату ёқилғи нархларининг кўтарилиши каби глобал муаммоларни ортда қолдириб, ҳамманинг тилидаги дардига айланган.

Бу каби ҳолат кўпроқ дунёнинг ривожланаётган давлатларида, жумладан, Кения(63%), Нигерия(49%), Индонезия(45%) ва Ҳиндистон(30%)да кузатилган.

Аммо Италия(14%), Испания(13%) ва Канада(11%) каби жаҳоннинг иқтисоди ривожланган мамлакатлари ҳам бу масалада бир четда қолишмаган.

Сўров қатнашчиларидан, шунингдек, 14 та глобал муаммодан қай бирини жиддий деб билишлари ҳам сўралган.

Берилган жавоблар таҳлил қилинганда, жиддийлик жиҳатдан коррупция балоси иккинчи ўринда келган. Иштирокчиларнинг 68 фоизи коррупция дунёдаги энг жиддий муаммо дейишган.

Аммо фақат бир фоизга кўпроқ фарқ билан қашшоқлик - дунёдаги энг долзарб глобал муаммо деб топилган.

Айни ўринда яна шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, қашшоқлик кетма-кет иккинчи йилки одамларни ўйлантираётган энг актуал муаммо деб саналмоқда.

Глобал муаммоларнинг қанчалик жиддийлигига оид рўйхатда коррупциядан кейинги ўринларни теварак-муҳитнинг ифлосланиши, террорчилик, инсон ҳуқуқларининг топталиши, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кўтарилиши эгаллаган.

Бразилия, Миср, Колумбия ва Филиппинда эса, аҳолининг деярли барчаси коррупцияни энг жиддий муаммо деб санашлари аён бўлган.

Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғи айни шу фикрда бўлган давлатлар сирасига Хитой, АҚШ, Россия ва Ҳиндистон кирган.

Оврўполиклар орасида коррупция ҳақида энг кўп қайғурганлар италияликлар бўлиб чиқишган.

Бирлашган Миллатларнинг Халқаро Коррупцияга қарши кураш куни эълон қилинган сўров GlobeScan ширкати томонидан олиб борилган.

Дунёнинг 86 давлатида 90.000 киши орасида сўров ўтказган Transparency International ташкилотига кўра ҳам бутун дунёда коррупция билан боғлиқ аҳвол ёмонлашган.

Ҳар 10 иштирокчидан 6 нафари коррупция ўтган уч йилда жиддий тус олганини билдирган.

Ҳар тўрт қатнашчидан биттаси эса, яқиндагина кимгадир, айниқса, кўпроқ ҳуқуқ-тартибот ходимларига пора берган.

Transparency Internationalнинг сўровида Афғонистон, Ҳиндистон ва Нигерия дунёнинг энг коррупциялашган давлатлари деб топилган.

Коррупцияга қарши кураш олиб борувчи Transparency International халқаро ташкилотининг шу йил октябр ойида эълон қилган сўнгги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 178 мамлакат орасидан 172-ўринни эгаллаганди.

Бу коррупция даражаси Ўзбекистонда энг юқориларидан деганидир. Яъни, мисол тариқасида таққослаганда, Ўзбекистондаги коррупция даражаси қуролли низолар кечган ва кечаётган Ироқ ёки Афғонистонга ўхшаган мамлакатлардан сал яхшироқ экани аён бўлади.

Ўзбекистонликлардан бири бугун мамлакатда порахўрлик ва коррупция билан боғлиқ аҳвол Шўролар давридагидан баттар бўлди, дейди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди