Лукашенко ғалабаси ортидан Беларусда 600 дан ортиқ намойишчи ҳукм этилди

Беларус пойтахти Минскда сайловларда президент Александр Лукашенкога рақиб бўлган мухолиф номзодлар томонидан уюштирилган ноқонуний намойишларда иштирок этганлари учун 600 дан ортиқ намойишчи ҳукм этилди.

Расмий маълумотларга кўра, улардан 580 нафарига 15 суткалик қамоқ жазоси берилган. Қолганларига эса, йирик миқдорда жарима солинган.

Аммо, масъулларнинг билдиришларича, маҳкама ҳукми ижросидан кейин ҳам ҳибсдагиларнинг барчаси озодликка чиқарилмайди.

Уларга кўра, ҳибсда бўлган намойишчилардан ҳар бирининг 19 декабр куни оммавий тартибсизликларга айланиб кетган ноқонуний намойишлардаги иштироклари синчиклаб ўрганилади.

Айтилишича, мухолифатнинг кеча кечқурун бўлиб ўтган навбатдаги ноқонуний чиқиши чоғида яна 20 дан ортиқ киши қўлга олинган.

Кеча Америка Қўшма Штатлари Беларус ҳукуматини президентлик сайлови ортидан "ҳаддан ортиқ куч ишлатиш"да айблиб чиққанди.

Минскдаги АҚШ элчихонаси бу хусусда махсус баёнот чиқариб, президентликка номзодларнинг калтакланиши, ҳибсга олиниши, журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига нисбатан куч ишлатилишини қоралаганди.

Лукашенко яна президент

Image caption Александр Лукашенко тўртинчи бор қудратда қоладиган бўлди

19 декабрда бўлиб ўтган сайловларда Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко ғолиб чиққанди.

Кеча эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, барча овозлар санаб бўлиниши ортидан жаноб Лукашенконинг қарийб 80 фоиз овоз тўплагани аён бўлган.

Президентлик сайловларида Александр Лукашенкога қарши 9 номзод кураш олиб борганди.

Улар олдиндан овозларнинг сохталаштирилишини башорат қилиб, ўз тарафдорларини сайлов шаҳобчалари ёпилганидан сўнг Минскнинг марказий майдонига тўпланишга чақиришганди.

Аммо тўртинчи муддат учун номзодини илгари сурган президент Лукашенко овозларни сохталаштириш иддаоларини рад этган ва мухолифат "ҳозирнинг ўзида мағлуб бўлгани"ни даъво қилганди.