Россияда меҳнат муҳожирлари учун адаптация бўлими ташкил этилади

Россия ҳукумати мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирларини жамиятга адаптация, яъни мослаштириш ва интеграция қилиш учун махсус бўлим ташкил этмоқчи.

Расмийларига кўра, ушбу мақсадда меҳнат муҳожирлари учун рус тили курслари ташкил этилади.

Шу билан бирга, келаётган муҳожирларга Россия қонунлари ва маданияти ҳақида маълумот бериб борилади.

Кузатувчилар Россия ҳукуматининг муҳожирларга қаратилган ташаббуси унчалик натижа бермаслиги ва режанинг анча кечикканлигига ишора этишади.

Расмийларга кўра, меҳнат муҳожирларининг Россия жамиятига мослашиш жараёни тадбири Федерал миграция хизмати зиммасига юкланади.

Аввалига муҳожирлар учун махсус маданий марказлар очилиши кўзда тутилган.

Ушбу марказларда муҳожирлар учун рус тили курслари ташкил этиш қатори, уларга Россия қонунлари ва маданияти ҳақида маълумот берилади.

Расмийларнинг таъкидлашларича, ушбу тадбир нафақат меҳнат муҳожирлари, балки Россия давлати учун ҳам фойда келтиради.

Айни вақтда, экспертлар фикрларича, муҳожирларнинг жамиятга мослашиш жараёни ижобий натижа бериши мумкин.

“Бироқ Россия Федерал миграция идораси ушбу мураккаб тадбирни удаллай олмайди, ” деб айтишади экспертлар. Москвадаги “Миграция ва Қонун” таҳлилий маркази раҳбари Гавҳар Жўраеванинг фикрича, кўпчилик меҳнат муҳожирлари ҳукумат ташаббусларига унчалик ишонишмайди.

“Бизнинг муҳожирлар кўчага чиққанларида, нафақат тақирбошлар, балки милиция ходимлари зўравонлигига ҳам йўлиқишлари мумкинлигини яхши билишади. Муҳожирлардан бизни марказга тушган шикоятлар орасида скинҳеадлардан кўра, милиция ходимларидан зарар кўрганлар кўпчиликни ташкил этишади. Лекин қандай бўлмасин, меҳнат муҳожирларини Россия жамиятига мослаштириш чораси керакли иш деб ўйлайман. Чунки мослашиш жараёни бўлмаган жамият кескинликлар майдонига айланиши аниқ,” дейди Гавҳар Жўраева.

Москва вилоятида яшаётган Узоқбекнинг фикрича, Россияда миллатчилик кайфиятларини бартараф этмасдан туриб, муҳожирларни жамиятга мослаштириш тадбири жуда мушкул кечиши мумкин.

"Ҳозир улар ўқийман, бир нарса ижод қиламан, дейишса, вақтлари йўқ. Нимага десангиз, улар кечаю кундуз ишлашяпти. Уларга дам олишлари учун вақт берилмаяпти. На шанба ва на якшанба кунлари. Бераётган ойлигидан бошқа ҳеч нарсани олиб кетмайди. Масалан, қурилишларда ҳам, бозорларда, савдо марказлари бўладими, ҳаммасида лозим шарт-шароитлар яратилса, ҳамма нарса ўзларига қолади. Бу жойларни ҳеч ким Ўзбекистонга олиб кетолмайди. Биз бу ерга ёмонлик қилиш учун келганимиз йўқ. Шу йўлларда, метроларда юраман, автобусларда юраман, ана шу пайтларда одам миллатчиларнинг ҳужумларига ҳам тўқнаш келаяпти," дейди у киши.

Айни дамда, Россия Федерал миграция хизмати келтирган сўнгги рақамлар бўйича, мамлакат бўйлаб 8 млн. нафардан ортиқ хорижий миграция қайддан ўтган.

Яна ушбу манбага кўра, Россияда ноқонуний меҳнат муҳожирларининг сони қарийб 3,5 млн. нафарни ташкил этади.