Россия Бош вазири Владимир Путин футбол ишқибозлари билан учрашди

Путин
Image caption Бош вазир футбол ишқибозларни миллий тотувликка чақирган

Миллатчиларнинг Кремл деворлари яқинида ўтказган тартибсизликларидан 10 кун ўтиб, Бош вазир Владимир Путин футбол фанатлари билан учрашган.

Учрашув чоғида Бош вазир футбол ишқибозларни миллий тотувликка чақирган.

Кузатувчилар Владимир Путиннинг футбол ишқибозлари билан учрашуви ва сўзлаган нутқини яқинлашаётган президентлик сайловолди кампаниясига ҳозирлик сифатида баҳолашган.

Жаноб Путин билан учрашувда Россия ишқибоз гуруҳлари, жумладан Шимолий Қофқозлик футбол ишқибозлари ҳам қатнашган.

Учрашув пайтида Бош вазир Россия футбол ишқибозлари сафига миллатчи радикал кучлар қўшилишига йўл бермасликка чақирган. Акс ҳолда, Владимир Путиннинг фикрича, кўпмиллатли Россия давлати парчаланиб кетиши мукин.

Учрашувдан сўнг, жаноб Путин, 6-декабр куни қовқозлик ёшлар билан бўлган тортишувда ўлдирилган футбол ишқибози Егор Свиридов қабрига гулчамбар қўйган.

"Спартак" футбол клуби ишқибози Егор Свиридов, Россия прокуратурасига кўра, шимолий қофқозлик йигитлар билан бўлган тортишувда отиб ўлдирилган.

Милиция расмийларига кўра, ушбу ҳодисадан сўнг пойтахт Москвада миллатчи гуруҳлар томонидан 2 нафар Марказий Осиё фуқаросининг жонига қасд қилинган ва ўнларча Қофқоз фуқаролари калтакланган.

Айни вақтда Россия Бош вазирининг футбол ишқибозлари билан ўтган учрашуви Қофқоз фуқаролари томонидан қаттиқ қоралангани айтилади.