Эронда Исроилга 'жосуслик қилиш'да айбланган шахс осиб ўлдирилди

Эрон охирги марта бундан икки йил муқаддам Исроилга жосуслик қилганликда айбланган шахсни қатл этган эди
Image caption Эрон охирги марта бундан икки йил муқаддам Исроилга жосуслик қилганликда айбланган шахсни қатл этган эди

Эрон мулозимлари Исроилга жосуслик қилишда айбланган ва мухолифат гуруҳига алоқадор икки шахснинг осиб ўлдирилганини маълум қилишган.

Теҳрон прокуратурасининг билдиришича, Али Акбар Сиёдат Исроил жосуслик хизмати - Моссадга Эрон ракеталари ҳақида маълумот бериб турган.

Иккинчи шахс Али Сорамий эса, 2007 йилда сиёсий маҳбусларга қарши намойишда иштирок этган.

Теҳрон прокуратурасига кўра, қатллар пойтахтдаги "Эвин" қамоқхонасида ижро этилган.

Эрон охирги марта бундан икки йил муқаддам Исроилга жосуслик қилганликда айбланган шахсни қатл этган эди.

Сўнгги қатл Исроил халқаро ҳамжамиятга Эроннинг ядровий дастурига қарши чора кўриш йўлида босим ўтказаётган пайтга тўғри келган.

Эрон расмийлари Али Акбар Сиёдат Моссад билан олти йил давомида алоқада бўлганини айтишган. У 2008 йил рафиқаси билан Эрондан чиқиб кетишга уринган маҳал қўлга олинган.

Расмийларга кўра, у махфий маълумотлар учун Исроилдан олтмиш минг доллар пул олган.

Осиб ўлдирилган иккинчи шахс Али Сорамий эса, Эрондаги сиёсий мухолифатнинг кўзга кўринган намояндаларидан бўлган. У Аллоҳнинг душмани бўлишда айбланган. Расмийлар уни "Мужоҳиддини Халқ Ташкилоти" (Халқ Мужоҳидлари Ташкилоти)га аъзо бўлганини айтишади.

Эронга кўра, бу террорчи ташкилотдир. Али Сорамий 1983 йилдан бери бир неча бор ҳибсга олинганди. Сўнгги бор у 2007 йилда қўлга олинган.

Эрон мулозимларига кўра, ҳибс пайти унинг уйидан "Мужоҳиддини Халқ Ташкилоти" ҳақидаги суратлар, қўлёзма ҳужжатлар ва бошқа ашёлар топилган.

Эронда олий жазо террор ва жосусликка оид жиноятлар учун қўлланилади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Эрон маҳбусларни қатл этиш бўйича Хитойдан кейинги ўринда туришини айтишади.