Россия Ғарбни Ходорковский устидан маҳкамага таъсир ўтказишга уринишда айблади

Khodorkovsky
Image caption Ходорковский устидан маҳкама сиёсий важларга боғланади

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарб давлатларини собиқ нефт корчалони Михаил Ходорковский устидан махкамага таъсир ўтказишга уринишда айблаган.

Жаноб Ходорковский душанба куни молиявий жиноятларда айбдор деб топилиб, иккинчи марта маҳкум этилганди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ва Олмония танқидларига муносабат билдирган ва Ғарб томонидан босимлар "қабул қилиб бўлмас" эканини таъкидлаган.

АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинотон Бош вазир Владимир Путиннинг мухолифи бўлган Михаил Ходорковскийга қарши маҳкама ҳукми Россия Адлия тизими борасида саволларни ўртага чиқарганини айтганди. Бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат одами бўлган жаноб Ходорковский 2005 йилдан бери қаллоблик ва солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан қамоқда қолмоқда.

Сешанба куни ҳам Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платон Лебедев маҳкам ҳукмни тинглаш учун яна маҳкамада ҳозир бўлишган.

Уларга белгиланган жазонинг қачон эълон қилиниши аниқ эмас.

'Қабул қилиб бўлмас босим'

"Маҳкамага босим ўтказишга уринишлар қабул қилиб бўлмасдир", деб ёзилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўз вебсаҳифасида чоп этган баёнотда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги "мамлакат ичкарисида ҳам ва халқаро аренада ҳам ҳарким ўзини билиши" кераклигини айтади. Россияда адолат барчага баробар эмаслиги ҳақидаги даъволар баёнотда "асоссиз" дея рад этилади. Ҳакам Ходорковский ва Лебедевни ўз ширкатлари ЮКОСдан ўғирланган маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топган.

Тўлиқ ҳукм ва тайинланган жазони эълон қилиш бир неча кун олиши кутилмоқда.

Оқ Уй ҳукмдан "ўта ташвишда" эканини айтган. Олмония эса, маҳкамани "орқага қадам ташлаш" дея баҳолаган.

Ҳимоячилар Ходорковский ва Лебедевга қўйилаётган айбловларни икковлонни қамоқда қолдириш учун ўйлаб чиқилган бемаъни баҳона дея рад этишади.

Ҳимоячилардан бири "маҳкаманинг адолатсиз ҳукми мамлакат учун уят" эканини айтган.