Россия маҳкамаси Ходорковский жазо муддатига яна қарийб етти йил қўшди

Image caption Михаил Ходорковский 2003 йилдан буён қамоқда сақланади

Россия маҳкамаси давлат мулкини талон-тарож қилиш ва ноқонуний пулларни ўзлаштиришда айбдор деб топган Михаил Ходорковскийни қўшимча етти йилга озодликдан маҳрум қилди.

У 2003 йилдан бери солиқлардан бўйин товлашда айбдор топилиб, қамоқда қолмоқда.

Ҳакам Виктор Данилкин бир пайтлар Россиядаги улкан ЮКОС ширкатини бошқарган Михаил Ходорковский жамиятдан ихоталанган ҳолда тутилиши керак деб айтди.

Ҳакам Ходорковскийга 13 ярим йиллик қамоқ жазоси белгилади.

Мазкур жазо муддати 2003 йилдан бошланади.

Бундан келиб чиқадики, Кремл билан тескари бўлган собиқ миллиардер яна етти йилини қамоқда ўтказади.

Михаил Ходорковский иккинчи бор маҳкамага тортилганидан бери ушбу мавзу яна бир бор халқаро ҳамжамият диққат марказига чиқди.

Маҳкама Ходорковскийни миллиардлаб доллар ноқонуний пулларни ўзлаштирганликда айбдор топди.

Ўзлари устидан янги ҳукмни Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев осойишта, ҳатто жилмйиб қабул қилдилар, деб хабар қилади мухбиримиз.

АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон Ходорковский ишида қонун сиёсий можаролар соясида қолаётганидан хавотир билдирганди.

Россия Ташқи ишлар вазири эса Америка ва Оврўпо ўз ишларини билишсин дея эътироз билдирди, деб хабар қилади Би-би-си мухбири.