Беларус ҳукумати ОХҲТнинг Минскдаги идорасини ёпишга буйруқ берди

Беларус
Image caption Беларусда бўлиб ўтган сайловлар ортидан кўплаб мухолифат фаоллар калтакланди, ҳибсга олинди

Беларус Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Минскдаги идорасини ёпишга буйруқ берган.

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги бугун халқаро ташкилотнинг Беларусдаги мандатини узайтирмасликка қарор қилган.

Ушбу қарор Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Беларусда 19 декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловини "нодемократик," дея эълон этиши ортидан олинган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорилк Ташкилоти Беларусдаги сўнгги президентилк сайловини жуда ёмон деб баҳоладию икки орада муносабатлар таранглашди.

Халқаро доирада Беларус сайлови янада кўп танқид қилинди.

Беларусдаги сайловга қарши норозилик намойишига чиққан мухолифат раҳбарлари ва фаоллари калтакланди, ҳибсга олинди.

Хусусан, беш нафар президентликка номзод ва 14 нафар мухолифат фаоли қўлга олинган.

АҚШ ва Оврўпо мулозимлари сайловдан кейинги ҳолатдан афсус билдириб, "Беларус демократия ва инсон ҳуқуқлари йўлида яна ҳам ортга чекинди," деб айтишди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти эса Би-би-си билан суҳбатда, Беларус ҳукуматидан махсус билдиришнома олинмагунча, бирон изоҳ бера олмаслигини билдирган.