Ўзбекистонда қарийб бир ойдан кейин илк бор қор ёғди

Ибодат

Қарийб бир ой давом этган қурғоқчилик ортидан, Ўзбекистонда илк бор қор ёққан.

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг айтишларича, қор ёғишига жума кунги фарз намозидан сўнг ёғингарчилик сўраб жамоат билан ўқилган махсус намоз сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Асосан қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистон шароитида қор ва ёмғирнинг аҳамияти жуда катта.

Йиғим-теримнинг мўл бўлиши, мутахассислар фикрларига кўра, айнан қишда тушган қорнинг салмоғига боғлиқ.

Бундан ташқари қор юқумли касалликларнинг босилишига сабаб бўлиши айтилади.

Бир тошкентлик йигитнинг айтишича, бугун деярли бутун Ўзбекистон бўйлаб қор ёққан.

Қорни болалaрдан тортиб деҳқонларгача орзиқиб кутишганди.

"Ўзи бугун тушимда кўргандим. Тушимда эрталаб туриб қарасам, ерлар оппоқ эмиш. Вой қор ёғибди, деб роса хурсанд бўлгандим. Эрталаб шундоқ ташқарига чиқсам, қор бошлабди," дейди бу йигит.

"Дуолар ижобат бўлди"

Қор ёғишидан тўрт кун олдин Ўзбекистоннинг барча масжидларида қор сўраб, жамоат намозлари ўқилган.

"Қиш жуда ҳам илиқ келди. Кейинги йилга қурғоқчилик бўлмаса эди, деб ўйлаб тургандим. Жума куни деҳқончилик яхши бўлсин деб, Худодан сўраб Истисқо намозини ўқиймиз, дейишди. Ораларингда дуоси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўладиган яхши одамлар бор, шуни назарда тутиб ҳаммамиз, жамоат бўлиб, Истисқо намозини ўқиймизки, кейинги йили деҳқончилик яхши бўлсин”, дейди тошкентлик намозхон.

У дуолар ижобат бўлганини айтади.

Истисқо намози Ўзбекистон Мусулмонлар диний қўмитасининг фатвоси билан мамлакатнинг барча жомеъ масжидларида ўқилган.

"Бу зироат учун фойда бўладиган ёмғир сўрайдиган намоз дейилади. Номи Истисқо намози. Ўзбекистон шароитида яқин йилларда бунақа намозни кузатмаганман. Бир ойдан ошган бўлса ҳам қор-ёмғир бўлмагани учун, диний томонлама шунақа таклиф бўлганди. Кейин биз шу нарсани жума намозида эълон қилдик", - дейди Мусулмонлар диний қўмитаси Фатво бериш бўлимидан Саидмурод Юсупов.

Иқлимшуносларга кўра, ҳавонинг ўзгариши натижасида сўнги йилларда Ўзбекистонда қиш кунларида ёғингарчилик кам бўлиши бот-бот кузатилмоқда.

Бугун Ўзбекистонга тушган қор ҳам салмоқли эмас, аммо бир ой қуруқ ҳаводан кейин ерларни оқартириб ёққан қор кўпчиликни хурсанд қилган.

Мусулмонлар диний қўмитасидан Саидмурод Юсуповнинг Би-би-сига айтишича, Аллоҳдан ҳожатини чиқаришни сўраб Истисқо сингари махсус намозлар бор ва уларни уйда алоҳида ўқиса ҳам бўлади.

"Айнан жума куни ўқиш шарт эмас. Уйда ҳам алоҳида ўқиса бўлади. Ҳар ким ўзига ҳожат сўраб ўқийверади. Жамоат билан ўқишнинг сабаби, унинг кучи ва хусусияти бор. Шунинг учун ҳам ўзимизча таклифларни қилиб, жамоат билан ўқийликчи деб ният қилгандик. Худо хоҳласа, учинчи кун қор ёғиб берди, натижаси бўлди," дейди Мусулмонлар диний қўмитаси масъули.

Аллоҳдан ёғингарчилик сўраб намоз ўқиш бошқа юрт мусулмонлари томонидан ҳам қўлланилади.

Бундан бир неча йил олдин Истамбул шаҳрига келган қаттиқ қурғоқчилик оқибатида ичимлик суви ҳам танқис бўлиб қолганди.

Ўшанда шаҳар ҳокимининг илтимосига кўра, жомеъ масжидларида Истисқо намози ўқилган ва орадан кўп ўтмай шаҳарга ёмғир ёққанди.