Жаҳон банки Хитой пулига асосланган бондларни муомалага чиқармоқда

Хитой пул бирлиги

Жаҳон банки қимматбаҳо қоғозлар тури бўлмиш - ярим миллиард хитой юани бондини чиқарган.

Бу 76 миллион долларга тенгдир. Бондлар Ҳонг Конгда чиқарилган ва йилига салкам бир фоизлик фойда солиғи тўланади.

Банклар шу йўл билан Хитой нақд пулига эга бўлган ва сафи кенгайиб бораётган сармоядорларни жалб этиш ниятидадир.

Аммо бу фақатгина сармоя имконияти дегани эмас.

Жаҳон банки ҳар йили миллиардлаб долларга тенг бондлар чиқаради. Бу қимматбаҳо қоғозлар дунё бўйлаб сармоя ва қарз лойиҳаларига ётқизилади.

Аммо Жаҳон банки биринчи марта Хитой пулига асосланган бондларни муомалага чиқармоқда.

Ўтган йили бир кун келиб, юан Америка доллари билан рақобатлашадиган пул бирлигига айланиши ҳақида гап сўзлар урчиганди.

Жаҳон Банкининг Хитой пул бирлигига асосланган бондларни чиқариши эса Пекиннинг йирик молия қудратига эга бўлаётганидан далолат беради.

Хитой бош вазир ўринбосарининг Оврўпога сафари ҳам ана шу қудрат намойишидир. У ўз сафари давомида Испания ҳукуматини, биз сизнинг бондларингизни ҳам сотиб олишда давом этамиз дея ишонтирди.

Хуллас, Хитойнинг молиявий қудрати мустаҳкамланмоқда ва дунёнинг Хитой молиясига эҳтиёжи ҳам ортаётир...