Жанубий Судан мустақиллик юзасидан референдум ўтказмоқда

Референдум

Суданда эҳтимолий мустақиллик юзасидан референдумда учинчи кун овоз берилмокда.

Жанубликлар, узоқ давом этган фуқаролар урушидан сўнг, афтидан, мустақиллик учун овоз беришлари тайин.

Аммо тўқнашувлар борасида хавотирлар бор, дея хабар беради Хартумдан Би-би-си мухбири Жеймс Копнолл.

Референдум комиссиясига мувофиқ, ҳозирга қадар жанубий суданликларнинг йигирма фоизи овоз бериб бўлди.

Сайлов шахобчаларида катта навбатлар юзага келгани боис, овоз бериш вақти ҳар куни бир соатга узайтирилмоқда.

Жанубликлар, афтидан катта сонда мустакиллик учун овоз беришмоқда.

Аммо сайловчилар сони муҳим, уларнинг камида олтмиш фоизи референдумда иштирок этишлари керак.

Айни пайтда Бирлашган Миллатлар чегара минтақаси бўлган Абйейда тўқнашувлар юз бериши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Ушбу ҳудуднинг шимолий ёки жанубий Суданга қўшилиши юзасидан референдум ҳали бўлиб ўтгани йўқ.

Шимол ва жанубидаги этник гуруҳлар ўртасидаги тўқнашувларда камида 30 инсон ҳалок бўлган, деб хабар беради Би-би-си мухбири.

Исломий шимол ва насроний жануб

Ушбу референдум олти йил олдин ҳукумат ва жанубдаги исёнкорлар ўртада имзоланган келишувнинг бир қисмидир.

Мазкур келишув ортидан араб мусулмонлари яшовчи шимолий Судан ва қора танли масиҳийлар яшовчи жанубий Судан ўртасидаги ички урушга барҳам берилганди.

Ҳозирги келишувларга кўра, шимол ва жануб орасида чегара тортилади.

Аммо шимоллик кўчанманчи чорвадорлар мол-қўйларини жанубда ўтлатишлари мумкин.

Кейин истаган одам шимолда, истаган одам жанубда яшаш танловига эга бўлади.

Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, референдум арафасида 120 мингдан зиёд одам шимолдан жанубга, ёки аксинча жанубдан ишмолга кўчиб ўтган.

Булар шимолда яшовчи асли жанубликлар ё жанубда яшовчи асли шимолликлардир.

Судан мустамлакачилари тарафидан тортилган сарҳадлар Судан халқи маданияти ваё миллатига эътибор қаратмаган.

Лекин жанублик қора танлиларнинг айтишларича, марказий ҳокимиятни бошқариб келган шимоллик мусулмон араблар тарафидан уларнинг ҳақлари поймол этилиб келинган.