Оврўпо Иттифоқи Беларус раҳбариятига қарши жазо чораларини таклиф қилмоқда

Image caption Оврўпо Иттифоқи президент Лукашенко дохил Минск расмийларининг сафарларига таъқиқ қўйиш ва ҳам уларнинг банк ҳисобларини музлатиш каби чораларни таклиф этди.

Ғарб давлатлари ва ташкилоти мубоҳасали Президентлик сайловларидан кейин Белорусга бўлган босимни оширишмоқда.

Президент Лукашенко президентлик сайловида 80 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонганини даъво қилганди.

Аммо сайловлар кечаси минглаб белоруслар кўчаларга чиқишган, сайлов натижалари сохталаштирилганини урғулашганди. Полиция намойишчиларни тарқатиб, ўтган ҳафталар давомида юзлаб кишиларни ҳибсга олганди.

Оврўпо Иттифоқи парламенти Минскдаги сиёсий вазият, сиёсий таъқибу тазъиқларни кескин танқид қилди.

Парламент сессиясида Белорус ҳукумати агар сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод этмаса, президент Лукашенко дохил Минск расмийларининг сафарларига таъқиқ қўйиш ва ҳам уларнинг банк ҳисобларини музлатиш каби чоралар таклиф этган.

Оврупо парламентининг бу баёнотидан аввал жаҳон раҳбарлари - жумладан, Америка давлат котибаси Ҳиллари Клинтон, Иттифоқнинг ташқи ишлар масалаларида маъсули Кетрин Аштон ҳам Белорусдаги вазиятни қаттиқ танқид остига олишганди.

Оврупо Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг Белорусга доир қарори 31 январ куни эълон этилиши кутилмоқда.