Яқин Шарқда аксил-ҳукумат намойишлар кучайган

Image caption Тунисда вазият беқарор бўлиб қолар экан, армия назоратни ўз қўлига олган

Жазоирда тўрт киши ўзларига ўт қўйишган. Бу Тунисда бир киши ўзига ўт қўйиб, президентнинг ағдарилишига етаклаган қўзғолонларни келтириб чиқарганидан сўнг юз бермоқда. Миср ва Мавританияда ҳам шундай ўзига ўт қўйиш ҳоллари кузатилган.

Жазоирда ўтган ҳафта давомида камида тўрт киши ўзларини ёқиб юборишга уринганлар.

Меҳсен Бутерфиф Тебасса вилоятидан, 37 ёшда, тўрт фарзанднинг отаси ва ишсиз.

У ўтган ҳафта устидан бензин қуйиб ўзига ўт қўйди.

Сабаб - ишсизлик. Маҳаллий ҳоким унга на иш ё на бошпана бера олган.

Унинг оиласи жаноб Бутерфиф қаттиқ куйиши оқибатида оламдан кўз юмганини айтган.

Яна уч киши мамлакатнинг бошқа минтақаларида ўзларини ёқишган. Улар ҳозир касалхонада эканлари айтилмоқда.

Миср ва Мавританияда ҳам шундай воқеа рўй берган.

Қоҳирада бир киши қашшоқликдан норозилик билдириб парламент олдида ўзини ёқиб юборган.

Мавритания пойтахтида ҳам бир киши президент саройи қаршисида ўзига ўт қўйган.

Хабарларга кўра, у ўз қабиласига нисбатан ҳукуматнинг муносабатидан норози бўлган.

Тунисда ўтган ой бозор тадбиркорнинг ўзини ёқиб юбориши алал оқибат Тунис президентининг қудратдан кетишига сабаб бўлган эди.

Жазоирда ҳам йил бошида озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши исёнга сабаб бўлган ва ҳукумат солиқларни камайтириш йўли билан шакар ҳамда ёғ нархларини ўтган йилгидек субсидия қилиш чорасини қайта тиклаганди.

Ўзига ўт қўйиш ҳолатлари янги бир "анъана"га айланиб, бир мамлакатдан бошқасига кўчиб такрорланаётгани минтақа ҳукуматларида хавфсизликка доир хавотирларни кучайтирган.