Тунисда янги ҳукумат таркибидан норозиклар давом этмоқда

Image caption Намойишчилар собиқ президентнинг Конституциявий Демократик Иттифоқ (RCD) партияси ҳукуматдан буткул четлатилишини талаб этишмоқда

Араб Лигасининг раҳбари Амр Муса Тунисдаги халқ қўзғолонларини араб дунёси бўйлаб тобора ёмонлашиб бораётган иқтисодий шароитларга боғлиқ эканини айтган.

Мисрнинг Шарм ал Шайх шаҳрида очилган саммитда жаноб Муса Яқин Шарқдаги давлат раҳбарларини огоҳлантириб, халқларнинг ғазаби мисли кўрилмаган даражага етганини айтди.

Унинг айтишича, "араблар руҳи қашшоқлик, ишсизлик ва рецессия туфайли синган".

Айни дамда Тунисда оммавий норозиликлар давом этган.

Юзлаб одамлар Тунис шаҳри марказидаги майдонга йиғилиб, ағдарилган Президент Зайн ал Обидин Бин Алининг иттифоқчиларини қудратга тиш-тирноқлари билан ёпишишни тўхтатишга ундашган.

Намойишчилар полиция билан юзма-юз келганлар, аммо афтидан ҳеч қандай зўравонлик рўй бермаган.

Янги муваққат ҳукуматдаги муҳим ўринлар эски ҳукумат аъзоларига берилиши ортидан вазирлар маҳкамасида бўлинишлар юзага келган ва у ҳали ҳам ўзининг илк мажлисини ўтказмаган.

Янги вазирлардан бири бўлмиш собиқ диссидент Слим Амаму Би-би-си билан суҳбатда ҳозирда энг асосий мақсад сайловларни уюштириш ва бунинг учун тажрибали ходимлар зарур эканини айтди.

Интернет блоггери Жаноб Амаму сиёсий маҳбуслар қаторида ўтган ҳафта қамоқдан озод этилди.

Унинг айтишича, "ҳукумат ғилдираги" қандай айланишини биладиган кишилар ўрнида қолиши керак.

"Ҳамма ҳам менга ўхшаб ҳукуматга янги қўшимча бўла олмайди," - деди у.

"Бу ғайриоддий шароитларда вақтинчалик тузилаётган ҳукумат, мақсад сайловларни уюштириш. Мен ҳам овоз берувчилар томонидан сайланмаганман."

Сешанба куни муваққат ҳукуматдан тўрт мухолифатчи вазир истеъфога чиққан. Улар собиқ президентнинг партияси ҳали ҳам вазирлар маҳкамасига ҳукмрон эканидан норозилар.

Тунисдаги Би-би-си мухбирига кўра, мамлакат аҳли ҳам янги ҳукумат таркиби борасида иккига бўлинган ва агар у иш бермаса яна нима юз бериши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.

Ҳукумат кўрсаткичларига биноан, декабрь ойи ўрталаридан бери Тунисдаги тартибсизликларга боғлиқликда 78 киши нобуд бўлган.