'Британияда мусулмонларга ёвқараш оддий ҳолга айланган'

Image caption Британияда қарийб 3 миллион мусулмон яшайди, аммо уларга қарши ёвқараш оддий ҳолга айлангани айтилмоқда

Британия ҳукуматидаги асосий партия бўлмиш консерваторлар раисдоши Саида Варсий мусулмонларга нисбатан мавжуд бўлган салбий қарашлар мамлакатда кенг тарқалгани ҳамда оддий ҳолга айланиб қолганини таъкидлаган. Ушбу фикр Баронесса Варсийнинг Лейстер университетида чиқиш қилиш учун тайёрланган нутқидан маълум бўлган.

Британия Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштироқ этувчи илк ва ягона мусулмон аёл бўлмиш Саида Варсий мусулмонларга қарши шаклланган ва жамиятда одатий қабул қилинаётган нотўғри салбий қарашларни йўқотиш йўлида курашиш ниятини ҳам изҳор қилган.

Саида Варсий Британия матбуотини Ислом динини сунъий тарзда муҳокама қилишда ҳам айблайди. Унга кўра, бир ҳовуч террорчилар туфайли, Ислом динига эътиқод қиладиган барча мусулмонларни айбдор қилиб кўрсатиш керак эмас.

"Аҳвол шу даражага етганки, мусулмонларга қарши нафрат ва аксилисломий кайфиятларни дастурхон бошида ҳам бемалол изҳор қилавериш мумкин" - деб қайд этади сиёсатчи.

Баронесса Варсий Британия ўтмишда католик насронийлари ва яҳудийларни камситиш ҳолларига қарши курашилгани каби, эндиликда янги ҳолат - мусулмонларнинг камситилишига қарши курашга бел боғлаши зарурлигини қайд этади.

Аммо унинг танқидчиларига кўра, динни танқид қилиш Ғарб жамиятларидаги ўзига хос воқеликлардан бири ва Оврўпода Ислом дини мавқеи ошишининг айрим жиҳатларидан хавотирланиш асослидир.

Британиядаги "Рамазон" жамғармаси вакили Муҳаммад Шафиқнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, дарҳақиқат, сўнгги ўн йилча вақт давомида мусулмонлар ва Ислом дини рамзсларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатиш ҳолларини жамият ҳам, шарҳловчи ва сиёсатчилар ҳам оддий ҳолдек қабул қилишмоқда.

"Менимча, бутун жамиятда мусулмонларга террорчи, деб ёрлиқ ёпиштириш одатга айланиб қолди" - дейди Муҳаммад Шафиқ - "Масалан, матбуотда ҳар куни мусулмонлар салбий бўёқларда кўрсатилган бешта-олтита мақола чоп этилади. Мен матбуот воситалари шу каби салбий фикрлар шаклланишида бевосита масъул, деб биламан".

2005 йилнинг 7 июлида Лондон транспорт тизимида мусулмонлар томонидан содир этилган бомба ҳужумлари ортидан Британияда аксилмусулмон кайфиятлари янада кучайгани айтилади.

"Аммо бу учун бутун бошли мусулмон жамоаси террорни қўллайди ва Ислом - террорни рағбатлантирувчи дин, дейиш мутлақо нотўғри" - дейди "Рамазон" жамғармаси вакили.

Баронесса Варсий мусулмонларни "мўътадил" ва "экстремист", деб атаган ва Британия мусулмонлари энди ўз обрўларини тиклашга ҳаракат қилишлари кераклигини таъкидлаган.

Муҳаммад Шафиқнинг айтишича, бу борада ҳозир мусулмонлар орасида ҳам баҳсу мунозаралар кечмоқда.

"Аммо ашаддий унсурлар барча жамоалар орасида бор" - дейди у -" Бу каби ашаддий унсурлар ҳақида гапирганда, ҳукумат Британия Мудофаа Лигаси каби фашист гуруҳларга қарши ҳам чоралар кўришини истаймиз. Улар бизнинг турфа дин ва миллат вакиллари яшаётган жамиятимизда нафрат ҳамда адоватни тарғиб қилишмоқда".