Президент Карзай Афғонистон янги парламентини очди

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай мамлакатда тинчлик ўрнатиш учун ҳамкорликни кучайтиришга чақирган.

Карзай жаноблари бу ҳақда Афғонистон янги парламенти очилиш маросимида гапирган.

Янги парламентнинг очилиши кўпда демократия тантанаси сифатида кўрилади. Бироқ, Би-би-си мухбирига кўра, бу сафар кўпроқ сиёсий инқироз кайфиятини кўриш мумкин бўлган.

Маросимга яқинда ўтган парламент сайловлар ортидан жараёнда кенг кўламли қаллобликларга қўл урилгани борасидаги айбловлар ва тортишувлар соя солган.

Афғон янги парламентининг очилиши Президент Карзай ва янги сайланган сиёсатчилар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли кечиктирилиши лозим эди.

Сиёсатчилар сентябр ойида ўтган сайловларда сохтагарчиликларга йўл қўйилгани борасидаги айбловлар билан ҳисоблашиш масаласида норозилик билдиришди.

Карзай жаноблари мазкур масалада текширувлар ўтказиш учун махсус сайлов маҳкамаси ташкил этганди. Аммо, бу кўплаб парламент аъзоларининг ғазабларини қўзғаган. Улар ушбу амални конституцияга зид эканини айтишган ҳамда буни президент мухолифларини парламентдаги ўринларидан маҳрум этиш сифатида баҳолашган. Айримлар ўз ғалабалари мукаммал ва тугал бир шаклда кўриб чиқилиши ҳамда уларга ҳукмга қарши ариза бериш ҳуқуқи берилишига шубҳа билдиришган.

Баъзилар эса, жараённинг ўзи сиёсийлаштирилгани ва шикоятлар мавжуд одатий маҳкамалар тарафидан кўриб чиқилиши кераклигини айтишган.

Бошқа тарафда мағлуб бўлган номзодлар ҳам ғазабга минишган ва сохтагарчиликлар тезроқ кўриб чиқилишини талаб қилишган.

Айни пайтда мазкур муаммолар қандай этилиши борасида ҳам чалкашлик мавжуд. Агар махсус трибунал шикоятларни тўғри деб топса, кейинги қадам нима бўлади? Овозлар қайта саналиши ёки масалан, қайта сайловлар ўтказилиши керакми? Ушбу мавҳумлик ҳеч ким учун яхши эмас. Ҳатто, бу Афғонистонда демократия иш бераётганини кўрсатишга тиришаётган ғарб сиёсатчилари учун ҳам хижолатли манзара.