'Дардимни интернетга айтаман!...'

Йўқ нарсанинг ўзи бор бу интернет деганларида..
Image caption Йўқ нарсанинг ўзи бор бу интернет деганларида..

Дунёнинг дардига дастурхон ёзган Интернет деганлари пайдо бўлганидан бери инсониятни ҳайратга солишдан тўхтагани йўқ. Йўқ нарсанинг ўзи бор бу интернет деганларида... Интернетда савдо қилиш, қаллиғ топиш, филм томоша қилиш ва яна минглаб бундан атиги ўн йил аввал хаёлингизга ҳам келмаган амалларни бажариш мумкин. Интернет турфа ғоялар, фикр ва муносабатлар учун ҳам "бағрикенг" минбарга айланди. Унинг ичига астойдил кирадиган бўлсангиз, бир маънода бу дунёда биз кўниккан қоидаю яшаш тарзларини бузадиган ҳам, янгидан тузадиган ҳам ва қайсидир маънода асраб қоладиган ҳам шу интернет бўлса керак деб ўйлайсиз. Ўзбек тилида ҳам Ўзбекистон ва ҳам мамлакат ташқарисида "пичоққа илинадиган" вебсаҳифаларнинг ҳам сони тобора ортиб бормоқда. Улар орасида ихтисослашган, масалан диний саҳифалар ҳам талайгина, аммо диний бўлмасада диний (такрор учун узр) мавзуларни билиб-билмай ёритадиганлар ҳам оз эмас. Кенг қамровли бўлмаса ҳам, баҳоли қудрат кузатувларимиз ва бизга келаётган мактубларни кўздан кечириб айтиш мумкинки, диний мавзуларда сўз кетдими, тамом, ўқувчилар ва ё интернетхонларда мисли кўрилмаган, бу ўринда бошқа мавзуларга нисбатан мисли кўрилмаган фаоллик кузатилади. Ўтган ой радиодастурларимизда ва вебсаҳифамизда Британияда Исломни қабул қилаётган аёллар ҳақида сўз юритгандик. Бу ҳақда вебсаҳифамизда мақола ҳам нашр этдик. Ўзини Абдуллоҳ деб атаган ўқувчимиз ёзади: " Аллоҳга ҳамдлар бўлсин Ислом душманлари динга қандай макр қилишмасин, барибир, Аллоҳ улардан маккороқдир, улар динга қарши иш олиб бордилар, Аллоҳ эса, уларнинг диндошларининг қалбларини Исломга буриб қўйди". Яна бир мисол устида тўхталсак, ўтган йил Қуръонни ёқиш ғояси билан чиқмаганига қадар уч-тўрт қариндошию, ўзи бошчилик қиладиган ва бир неча киши гўё аъзо бўлган митти черковдагилардан бошқа ҳеч ким танимаган Терри деганлари ёдингиздами? Ёв қуриб кетгандай бу истараси ҳеч илимаган одам миллионлаб мусулмонларнинг душманига айланиб қолди. Бизнинг вебсаҳифамизга ҳам мактублар ёғилди.

Шаҳобиддин деган мухлимиздан мактуб : "Бунга ўхшаган хаддидан ошганларни яқинда Ислом халифалиги жазолайди. Албатта буни қилаётган ишлари нусратнинг яқинлашишидан дарак. Чунки, қанча мусулмонларни туйғусини кўп қўзишлик, албатта, динини олий қилишликка интилтиради. Террига ўхшаганларга аллақачон дўзах вожиб бўлган. (АЛЛОҲ билан урушаман деган ахмоқ)". Бошқа бир мухлисимиз ёзади: "Нима ҳам дердик? Дўзах ҳам тўлиши керак-ку. Дўзахнинг ўтини эса, мана шундай одамлар бўлишади. Бундай кишилар наздида ўша бинолар қулашига Ислом ва Исломнинг манбаъси Қуръон сабабчи. Шахсан мен ўша ҳужумлар АҚШ махфий хизматларининг Ислом дунёсига қарши уруш очиш учун амалга оширган фитнаси деб биламан".

Бир томондан, ана холос, дейсиз! Терри қаердаю, уни жазолайдиган халифалик қаёқда? Жаннату дўзах масаласини бир четга қўйиб турайлик. Аммо, бу каби мактублару кескин фикрлар интернетдаги деярли барча вебсаҳифалар, форумларда қолдирилаётган фикр-мулоҳазаларда кўзга ташланади. "Янги дунё" саҳифаси ҳам бу манзарада ҳоли эмас, зотан, муҳаррир Юсуф Расулга кўра, саҳифанинг дунёга келишидан мақсад бутунлай бошқа бўлган.

"Биз хорижда яшаётган ёзувчи шоирлар, Ўзбекистонда таъқибга учраган адибларнинг асарларини нашр этамиз, деб ният қилгандик. Мақсад шу эди. Бунга ҳам эришдик. Кейинчалик дин ва демократия каби мавзуларда мақолалар эълон қилдик. Аксарият адабиётни унутди. Исломий ва ё диний мавзуларга қизиқиш кучли эканини кўрдик", - дейди Юсуф Расул. Тоқатсизликми, куюнчаклик ва ё маҳдудлик? "Янги дунё " муҳарририга кўра, бугунги кунда ҳам энг қизғин баҳсу мунозаралар марказида, айнан диний мавзулар ётади.

Ҳар ҳолда, Исломий ва ё диний мавзуларда бу каби бошқа мавзуларда мисли кўрилмаган фаолликни нима билан тушунтириш мумкин?

Ҳижратдаги таниқли диний олим Обидхон қори Назаровга кўра, айни фаоллик бугунги жамиятдаги вазият билан ҳам боғлиқ.

Image caption Обидхон қори Назаровга кўра, айни фаоллик бугунги жамиятдаги вазият билан ҳам боғлиқ

"Ўзбекистонга ўхшаш диктатура тузумларида зўравонлик, ҳамма нарсани куч билан ҳал қилиш ҳоллари ортганида одамлар, албатта, нажот қидириб ўз динлари - Ислом нималар дегани билан, табиийки, қизиқадилар. Ана шу жамиятдаги саволларга жавоб қидириб, улар интернетга ҳам қарашади", - дейди Обидхон қори Назаров. Таниқли олим Ўзбекистонда диний илм олиш ўта чеклаб қўйилгани ва ўз фарзанлари, яқинларига намоз ўқишни ўргатадиганларга ҳам қамоқ таҳдиди борлигини урғулайди. Исломий ва бошқа диний мавзуларда фаол "интернетхон"лар ўз қарашларида анча кескин фикрлар изҳор этиши билан ҳам ажралиб туришади. Ёзувчи Абдулҳамид Исмоил ҳам бу кескинликнинг бир учи "макон ва тузум" билан боғлиқ эканини айтади. "Ўзбекистонда, афсуски, ижтимоий муҳит "менинг фикрим - фикр, бошқаларники фикр эмас" деган ақидага қурилган. Бошқа мавзуларда бўлгани каби бундай қараш диний масалаларга нисбатан билдирилаётган муносабатларда яққол кўзга ташланади". Горбачёвнинг қайта қуриши ва собиқ Шўро қулаганидан кейинги йиллар ёдингиздами? Ёзувчилардан бирининг таъбири билан айтсак, ўша ошкоралик даври аксариятнинг "кийимларини" ечиб қўйди.

Яланғоч ва ёввойи ура-урчилик янги замоннинг зайлига айланди. Бугунги интернет манзараларидаги шунга яқин ҳолат кузатилиши ҳам дин ва дунёчилик истисно бўлмаган - ана шу "Янгилик" деган қараш атрофидадир... "

Инсон табиати шундайки, янги пайдо бўлган нарсалар ва ё янги нарсаларга ўрганганлар анча ашаддийроқ бўлишади. Илми тўқ бўлишни бошлагани билан инсон ўз билимларига, ғояларига нисбатан шубҳа билан қарайди. Гумонсирайди. Ҳикматга тўла бошлаши баробарида ўзига нисбатан ишончсизроқ бўлади.

Бир ривоятни мисол қилсак: "Оиша (Р.А.) айтадилар, "отам Абу Бакр ( Р.А) жуда тунда нотинч ухладилар. Тонгда туриб ҳадислар тўпламларини олиб келишни буюрдилар. "Шуни олиб кел", дедилар. Олиб келдим. Қарасам, Ҳадислар тўпламини ёқмоқдалар. Мен таажжубда: "Ҳадисларни нимага куйдираяпсиз," деб сўрадим. Отам жавоб бердилар: "Мен бу ҳадисларни одамлардан эшитганман, мабодо ичида битта ҳадис ҳам саҳиҳ дея ёлғони кетадиган бўлса, гуноҳи менинг бўйнимда бўлади", дедилар. Қаранг, шундай бир Пайғамбар (С.А.В) кўрган инсон ҳам ўз билими ва ишончига, таъбир жоиз бўлса ишонч билан қарамаган". Шунда ҳам бир савол ўртада - билибми, билмайми, ҳукм чиқариш, фатвонамо иддаолар, баъзида муқобил, рақиб фикрдагиларга дўзаху жаннатни ўз қарашларига солиб, таъбир жоиз бўлса белгилаб бериш - дин нуқтаи назаридан қанчалар адолатли бўлиши мумкин?

Обидхон қори Назаровга бу жуда кенг қамровли масаладир. "Зулм ва зўравонликка одамлар жавоб тополмаганидан ҳам шундай тоқатсизлик пайдо бўлади. Бағрикенглик ва адолат аввалига ҳукумат томонидан талаб қилиниши керак. Ана ундан кейин оддий одамлардан шунга муносиб кайфиятда бўлишлик, бағрикенглик кутилади. Албатта, оддий шахслар ва умумий тарзда баҳо беришнинг ўз ўрни бор. Умумий тарзда жиноят қилганларнинг охиратда кутадиган азоблардан огоҳ этиш жоиз, бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам айтилган. Лекин, буни оддий мусулмонлар ҳукм қилиши ва ё муяйян бир шахсларга айтишлари мумкин эмас. Бу нарсалар шундай бир салоҳиятга эга бўлганлар ва ё ҳайъатлар томонидан айтилиши керак", - дейди Обидхон қори Назаров. Табиийки, айни кўтарилган мавзумизга бир томонлама жавоб бериш мушкул. Тоқатсизликми ва ё Янгиликка муккасидан кетиш, зулм ва ҳақсизликка жавобан кескинликми...шартта баҳолаб, ҳукм чиқариш осон эмас. Бу мақсад эмас. Мақсад шуки, интернетдаги янги манзаралар баҳонасида жамиятдаги ўзгаришларга теранроқ назар ташлаш, фикр алмашиш... Сиз нима деб ўйлайсиз? Фикр ва мулоҳазаларингизни йўллашда саҳифадаги махсус формадан фойдаланишингиз ва ё uzbek@bbc.co.uk адресига мактуб жўнатишингиз мумкин.

O'quvchi, Toshkent-Brighton

Abdulhamid Ismoil gapning pustkallasini aytibdi quyibdi!

Voris Usmonli, Uzbekiston

Assalomu Alaykum. Mana bu sharhni men yozganman: "Нима ҳам дердик? Дўзах ҳам тўлиши керак-ку...." Va bugun ham shu fikrimda sobitman. Men musulmonman va mening e'tiqodimga ko'ra, Alloh va Uning Kitobiga qarshi urush ochganlar mana shunday jazoga yo'liqadi.