"Домодедово"даги портлаш қурбонлари орасида бир Ўзбекистон фуқароси бор

"Домодедово"
Image caption "Домодедово" Оврўподаги энг йирик аэропортлардан бири ҳисобланади

Душанба куни Москванинг "Домодедово" аэропортида юз берган портлашда ҳалок бўлган 35 инсондан 25 нафарининг шахси аниқланган.

Москва шифохоналарида ҳозирда 100 дан ортиқ одам қолмоқда.

Президент Дмитрий Медведев хавфсизлик қоидаларини бузгани учун "Домодедово" аэропорти жавоб бериши кераклигини айтди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ўтган мажлисда ҳисобот берган тиббий эскспертиза бюросининг вакили ҳалок бўлганлар уларнинг ҳужжатлари асосида аниқланганини айтган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги интернет саҳифасида нашр этилган дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ичида Британия, Олмония, Булғористон, Украина, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари бор.

Портлашда ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг 46 ёшли Орикбай Момбетов экани хабар қилинган.

Москва шифохоналарига ётқизилганлар рўйхати Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигида давомли янгиланиб турибди.

Россия Соғликни сақлаш вазирлиги берган сўнгги маълумотларга кўра, шифохоналарда 110 нафар ярадор қолмоқда.

Ярадорлардан тўрт нафарининг аҳволи ўта оғир, 39 нафариники эса оғир дея айтилмоқда.

Қолган беморлар аҳволи ўрта ва ё қониқарли даражада.

"Яққон бузилишлар"

Портлаш халқаро рейсларнинг умумий чиқиш залида Москва вақти билан соат 16:30 ларда юз берган.

Ушбу залда одатда таксичи ва меҳмонларни кутиб олувчилар бўлишади.

Мутахассислар фикрича, портлаш кучи тротил эквивалентида тахминан 7 килограмга тенг.

Россия расмийлари жиноят худкуш ҳужумчи томонидан содир этилганини тахмин қилишмоқда.

Россия президенти портлаш ортида турган шахсларни топиш ва жазолашга ваъда берган.

Президент Медведев шунингдек Москва транспорт тизимида хавфсизлик чораларини кучайтиришга топшириқ берган.

"Юз берган ҳодиса қабул қилинган қонунларнинг барчаси ҳам ҳамма жойда тўғри ишламаслигига далил бўлди. Буни ҳал қилиш керак", - дея баёнот берди Дмитрий Медведев.

"Юз берган ҳодиса хавфсизликни таъминлашда яққол бузилишлар борлигини кўрсатди. Шунча миқдордаги портловчи моддани олиб кириш учун кўп ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун аэропортда қарор қабул қилишга алоқадор бўлганларнинг барчаси жавоб бериши зарур", деди Дмитрий Медведев.

"Домодедово" Россиянинг энг йирик аэропорти ҳисобланади.