Мисрда кескинлик кучайиб бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср ҳарбийларининг вазиятни назоратга олишга уринишларига қарши пойтахт Қоҳира марказида яна янги намойишлар уюштирилган.

Аксилҳукумат намойишларининг олтинчи кунида намойишчилар минглаб одамлар йиғилган Қоҳира марказидаги "Таҳрир" хиёбонига киришга уринган танклар ҳаракатини тўхтатиб қолганлар.

Хиёбон устидан ҳарбий қирувчи учоқ ва тикучарлар пастлаб учган.

Якшанба Мисрда янги ҳафтанинг биринчи куни ҳисобланади, аммо 30-январ куни пойтахт Қоҳирадаги аксар бизнеслар фаолият юритмаган.

Қоҳиранинг асосий хиёбони - "Таҳрир"га йиғилган одамлар "Муборак, Муборак учоқ кутаяпти, учоқ кутаяпти" дея қичқиришган, улар Президент Ҳусни Муборак истеъфосини эълон қилиб, Мисрни тарк этади деб умид қилганлар.

Аммо мамлакатни 30 йилдан буён бошқариб келаётган 82 ёшли раҳбар шу пайтгача бўлган босимларга ён бераётганининг аломатларини кўрсатгани йўқ.

Якшанба куни Миср давлат телевидениеси Президент Ҳусни Муборакнинг мамлакат етакчи ҳарбий зобитлари билан учрашгани, хавфсизлик вазиятини назорат қилаётгани ҳақида хабар берган.

Расмийлар матбуот устидан назоратни кучайтириш амалларини давом эттиришаяпти.

Қатарда жойлашган "Ал-Жазира" телеканалининг Мисрдаги лицензияси бекор қилинган, журналистларининг аккредитацияси яроқсиз деб эълон этилган, олдинроқ Интернет ва мобил телефонларга жорий этилган чекловлар кузатилаяпти.

Йирик шаҳарларда комендантлик соатлари амал қилмоқда, аммо Мисрнинг турли шаҳарларида бўлган хорижий журналистлар Қоҳирадек йирик шаҳар кўчаларидан полиция ғойиб бўлганини айтишган.

Қоҳира кўчаларида кўп сонда танклар ва ҳарбий техникани кўриш мумкин, аммо оддий одамлар танклар устига чиқиб ўз шиорларини айтиб бақирганлар, мухбирлар аскарларнинг намойишчилар билан яхши муомалада бўлганларини айтишган.

Мисрдаги қатор сиёсий ҳаракатлар қўшма баёнот эълон қилганлар, бу баёнотда улар ҳукумат танқидчиси Муҳаммад Ал-Барадейни муваққат ҳукуматни бошқаришга чақирганлар.

Мухолифат гуруҳлари ўзларининг ҳукумат билан музокараларида Муҳаммад Ал-Барадей номзодини дастаклаганлар.

Халқаро Атом қуввати агентлигининг собиқ раҳбари ва Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Барадейнинг Америка телевидениесига айтишича, мухолиф гуруҳлар ундан миллий бирдамлик ҳукумати ташкил этишда музокара олиб боришни сўраганлар.

Президент Муборакни истеъфога чиқиш чақириқларига нуфузли диний уламолар ҳам қўшилишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қатарда яшаётган асли мисрлик сунний уламо Юсуф ал-Қарадовий муамонинг ягона ечими президентнинг кетиши эканини айтган.

"Мен Президент Муборакка президентликдан кетиш ва Мисрни тарк этишни маслаҳат бераман. Бу муаммога Муборакнинг кетишидан бошқа ечим йўқ", деб айтган Юсуф ал-Қарадовий.

Би-би-си билан суҳбатда Араб Лигаси раҳбари Амр Мусо бу ўзгаришларга жавобан Мисрга ҳақиқий ўзгаришлар келиши керак, деб айтди.

Ғарб раҳбарлари Президент Муборакни зўравонликларга йўл қўймаслик ва мувофиқ ислоҳотларга чақирганлар.

Қўшма Штатлар яна бир бор Мисрда қудратни тинч алмаштириш чақириғи билан чиққан.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, Вашингтон Мисрда демократик ҳукуматга олиб келадиган алмашишни кўришни истайди.

Клинтон хоним Миср расмийларини намойишчиларга нисбатан босиқ муомала қилишга чақирган.

"Ҳозир биз Миср ҳарбийларининг амалларини кузатиб турибмиз. Улар тинч намойишчилар билан талон-тарожчилар, бошқа жиноий унсурларни фарқлашда босиқлик кўрсатишаяпти. Биз босиқликни кўрмоқчи эканимиз ҳақида аниқ мужда бердик. Биз хавфсизлик кучлари томонидан зўравонликни кўришни истамаётганимизни яна бир таъкидлаймиз", деб айтган АҚШ давлат котибаси.

Қатор хорижий мамлакатлар - АҚШ, Британия, Туркия, Ироқ ўз фуқароларини Мисрдан олиб чиқиб кетишни бошлаганлар.

Шу пайтгача Мисрдаги аксилҳукумат чиқишлари пайтида 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.