Мисрда намойишчилар Ҳусни Муборак учун "алвидо куни"ни бошладилар

Таҳрир майдони Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Миср пойтахти Қоҳирада намойишчилар мамлакат президенти Ҳусни Муборакнинг "охирги куни" куни номини олган оммавий чиқишни бошлаганлар.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига минглаб одамлар тўпланмоқда.

Ушбу майдонда 10 кундан буён ҳукуматга қарши чиқишлар тинимсиз давом этаётир.

Таҳрир майдонида охирги икки кунда ҳукуматга қарши намойишчилар ва Ҳусни Муборак тарафдорлари ўртасида қақшатқич тўқнашувлар юз берган.

Баррикадалар қурган бир неча минг намойишчи тунни майдонда ўтказган.

Аввалроқ улар агар жума кунига қадар Ҳусни Муборак истеъфога чиқмаса, президент саройи ўнгида оммавий намойиш ўтказишларини эълон қилган эдилар.

Мисрни 30 йилдан буён идора этиб қилаётган Ҳусни Муборак сентябр ойида бўлажак сайловлардан кейин истеъфога чиқиш ва президентликка ўз номзодини илгари сурмасликка ваъда берган.

Бироқ намойишчилар Муборакдан дарҳол истеъфо беришни талаб қилмоқдалар.

Пайшанба куни президент ҳокимиятдан кетишга тайёр экани, бироқ у кетгач, мамлакатда бошбошдоқлик бошланишидан хавотирда эканини айтган.

"Мен бу заминда ўламан"

Мисрда ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар бошланганидан 10 кун ўтиб, оммавий ахборот вакили билан бўлган илк суҳбатида Ҳусни Муборак ҳокимиятдан "чарчаганини" айтган.

АВС телеканали бошловчиси Кристиан Омонпур билан суҳбатда Ҳусни Муборак агар истеъфо берса, сиёсий бўшлиқдан "Мусулмон Биродарлари" фойдаланиб қолиб, Миср устидан назоратни ўрнатишидан қўрқишини айтган.

Миср президенти икки кундан буён давом этаётган тартибсизликларни ташкиллаштиришга унинг тарафдорлари алоқадор экани ҳақидаги айбловларни рад этган.

Миср раҳбари мамлакатини ҳеч қачон тарк этмаслигини айтган.

"Мен бу заминда ўламан", - дея баёнот берган жаноб Муборак, унинг "бир мисрликнинг иккинчи мисрлик билан курашаётганини" кўриш "оғриқли" эканини илова қилган.

Жаноб Муборак, шунингдек, унда ҳокимиятни ўз ўғли Гамалга қолдириш режалари ҳеч қачон бўлмаганини таъкидлаган.

АҚШ билан музокаралар

Миср вицер-президенти Умар Сулаймон ватандошларини тинчликка чақирган ва намойишчилар президент Муборак томонидан таклиф этилган муросага рози бўлишлари керак, деб баёнот берган.

Аммо, хабарларга кўра, охирги кунларда жаноб Сулаймон Мисрда қандай қилиб демократик жамиятга ўтиш ва шу тарзда халқ талабини қондириш мумкинлиги ҳақида АҚШ ҳукумати билан музокаралар олиб борган.

Дипломатлар маълумотларига кўра, Умар Сулаймон билан пайшанба куни Америка вице-президенти Жо Байден ва Давлат департаменти котиби Ҳиллари Клинтон суҳбатлашган.

New York Times газетаси фаразича, Вашингтон Президент Муборакка дарҳол истеъфога чиқишни ва ҳукуматни армия дастаклайдиган Умар Сулаймон бошчилигидаги муваққат ҳукуматга топширишни таклиф қилган.

Бу хабарларни на Оқ Уй ва на Миср вице-президенти рад этганлар.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг расмий вакилига кўра, "ҳукуматни тинч йўллар билан ва тартибли равишда топширишнинг вақти келди".

Вашингтондаги Би-би-си мухбири Марк Марделлнинг хабар беришича, Миср АҚШнинг бу режасини рад этгани ҳақида хабарлар келмоқда ва Америка маъмурияти Миср армиясидан ҳам, Умар Сулаймон мавқеъидан ҳам таажубга тушган.

Баъзи хабарларга кўра, Умар Сулаймон ҳукуматга қарши намойишчиларни қўрқитиш кампаниясига тайёргарлик режасидан бохабар бўлган ва ҳозирда унинг номзоди муваққат ҳукумат раҳбари лавозимига тўғри келиши мумкинлигига шубҳа қилинмоқда.

Келишмовчиликларнинг кучайиши

Мисрдаги сиёсий инқироз Қоҳирада ҳукуматга қарши чиққан намойишчилар ва Президент Муборак тарафдорлари ўртасида тўқнашувларнинг чиқиши ортидан кескинлашди.

Мухолифатнинг ишонтиришича, биринчи бўлиб ҳукуматни қўллаб-қувватлаган одамлар намойишчиларга ҳамла қилганлар ва уларнинг ҳатти-ҳаракатлари расмий тизимлар томонидан мувофиқлаштириб турилган.

Чоршанба ва пайшанба кунлари ҳукуматга қарши фаоллар ва ҳозирги ҳукумат тарафдорлари бир-бирларини тошбўрон қилганлар, ўқ отар қуроллар ишлатиш ҳоллари қайдга олинган .

Хорижий журналистларнинг хабар беришларича, Муборак тарафдорлари баъзи ҳолларда меҳмонхоналарга бостириб кириб, журналистларга ҳамла қилишмоқда.

Армия тарафларни ажатишга уриниб кўрган, бироқ оломон устидан назорат ўрната олмаган.

Миср Соғликни сақлаш вазири Самиҳ Фарид сўзларига кўра, навбатдаги тўқнашувда саккиз одам ҳалок бўлган ва яна 890 одам жароҳат олган. Яраланганлардан тўққизтасининг аҳволи оғир.

Пайшанба оқшомида Миср полицияси Human Rights Watch ва Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг маҳаллий вакилларини ҳибсга олгани маълум бўлган.