Мисрда музокаралар намойишларни тўхтата олмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Музокаралар муваффақиятга эришмагач, намойишлар тун оша ҳам давом этди

Мисрдаги сиёсий инқирозни ечиш йўлида ҳукумат ва мухолифат гуруҳлари ўртасида ўтган музокаралар Қоҳира марказидаги намойишларни тўхтата олмади.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонини икки ҳафтадирки эгаллаб турган оломон Президент Ҳусни Муборак истеъфо бермагунча майдондан кетмасликларини айтишмоқда.

Ҳукумат якшанба куни бўлиб ўтган музокараларда бир қатор ёнбосишларни таклиф қилган, аммо мухолифат уларни етарли деб ҳисобламаган.

Вице-президент Умар Сулаймон бошқарган музокараларда олти гуруҳ, хусусан ёшлар ташкилотлари коалицияси, "донолар" гуруҳи ва "Мусулмон Биродарлар" иштирок этган.

Бу "Мусулмон Биродарларнинг" ҳукумат вакиллари билан илк музокараси бўлди.

Миср давлат телевидениеси томонлар конституциявий ўзгаришларни ишлаб чиқувчи қўшма қўмита тузишга келишиб олишганини хабар қилди.

Бироқ, мухолифат раҳбарлари ҳукуматнинг таклифларига ишончсизлик билан қарашаётганини билдиришди ва ҳукумат таклифлари етарли эмаслигини айтишди.

"Мусулмон Биродарлар" энди фақатгина Президент Муборак истеъфо берса, парламент тарқатилса ва сиёсий маҳбуслар озод этилсагина ҳукумат билан қайта музокараларга киришини эълон қилди.

Биродарларнинг юқори даражали аъзоси Эссам ал Эриан ҳукумат мухолифатнинг баъзи талабларига жавоб бергани, аммо бу хўжакўрсинга қилинганини айтди.

Учрашувда иштирок этмаган, аммо жаноб Сулаймон билан учрашиш учун ўз вакилини йўллаган мухолифатнинг етакчи арбоби Муҳаммад ал Барадаий музокаралар шаффоф бўлмаганини айтган.

Жаноб Барадаий Мисрни бир йил давомида уч аъзолик президентлик кенгаши бошқариши ва сўнгра сайловлар бўлиб ўтишини таклиф қилди.

Президент Муборак истеъфога чиқишдан бош тортиб келмоқда. У ўзининг истеъфоси ортидан мамлакатда бошбошдоқлик юзага келишидан хавотирда эканини айтган.

Жаноб Муборак сентябрда бўлиб ўтиши мўлжалланган президентлик сайловигача лавозимда қолишни исташини ва ўз номзодини илгари суриш нияти йўқлигини билдирган.

Бироқ, АҚШ Президенти Барак Обама "тартибли ўзгариш" ҳозирнинг ўзидаёқ бошланиши кераклиги ҳақида гапирди.

Якшанба куни Fox каналига берган интервьюсида у мисрликлар озодлик, ҳамда эркин ва адолатли сайловларни исташаётганини айтди.

"Мусулмон Биродарлар" ҳақида гапирар экан, жаноб Обама улар мухолифат орасидаги гуруҳлардан бири экани ва аксар мисрликлар дастагига эга эмасликларига ишора қилди.