Миср Президенти Ҳусни Муборак ва унинг оиласи неқадар бадавлат?

Image caption Муборак оиласи Мисрнинг ўта ривожланган туризм бизнесидан кўп фойда кўради

Миср Президенти Ҳусни Муборак ва унинг оиласи ўттиз йиллик бошқарув даврида улкан бойлик тўплагани айтилади.

Аммо, Би-би-сининг бизнес мухбири Марк Грегорининг айтишича, Муборак оиласининг аслида неқадар бадавлат эканини аниқ баҳолаш қийин.

АҚШдаги Эй-Би-Си телеканали Муборак оиласи тўплаган бойлик 70 миллиард долларга етиши ҳақидаги ҳисоботни берди.

Кейин бошқа матбуот воситалари ҳам ушбу рақамни илиб олишди.

Шу асно Миср президенти оиласи мана шунча бойликка эга деган хабар дунё бўйлаб тарқалди.

Агар Муборак хонадонининг ростдан ҳам 70 миллиард доллар пули бўлса, демак улар дунёнинг энг бадавлат одамлари - мексикалик Карлос Слим ва Бил Гейтснинг бойликларини бирга қўшганда ҳам улардан бойроқ бўлиб чиқишади.

Чунки Форбс журнали ҳисоб-китоблари бўйича бу икки одам жаҳоннинг энг бадавлат инсонларидир.

Лекин, уларнинг ҳар бири ишлаб топган бойлик 35 миллиард доллар атрофида.

Хуллас, Мубораклар оиласи бу даражада бойлик йиққанга ўхшамайди. Аммо, барибир, Миср президенти оиласи жуда бадавлат бўлиши мумкин.

Мубораклар хонадони Американинг Манҳаттан, Беверли Ҳиллс каби пўрим бўлгаларида, Лондоннинг энг қимматбаҳо Белгравия мавзесида кўчмас мулкларига эга.

Миср президенти оиласи Британия ва Швейцариядаги банкларда ҳам кўп миқдордаги пулни сақлашади.

Ишонилишича, Мубораклар оиласи Қизил денгиздаги сайёҳлик мажмуалари ва меҳмонхоналарга катта миқдорда сармоя киритишган.

Ўтган 30 йил давомида Яқин Шарқдаги энг аҳолиси катта мамлакатнинг энг қудратли одами бўлган Ҳусни Муборак, шаксиз, бойлик йиғиш учун улкан имкониятларга эга эди.

Унинг икки ўғли - Гамал ва Алъо эса Миср олий тижорат доираларидаги йирик шахслар саналади.

Мисрдаги норозилик намойишларига қадар эса ўғли Гамал бўлғуси президент сифатида кўриларди.

Хуллас, ҳали ҳамон Мубораклар қанча бойлик тўплаган деган савол бир қадар мавҳум ва узуқ-юлуқ кўринса-да, йирик бир мамлакатни узоқ йил бошқарган оила улкан бойлик тўпламаганига жуда озчилик ишонса керак.