iPhone ўз гуноҳига иқрор бўлмоқчи бўлган инсонларга ёрдам бермоқчи, қандай қилиб дейсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Буюк Британия ва америкалик руҳонийлар инсонларнинг ўз гуноҳларига иқрор бўлишларига кўмак бериш учун iPhone русумидаги уяли телефонларга махсус дастур ўрнатилишига рози бўлишган.

Янги дастур "Confession: A Roman Catholic App" деб номланади.

Уни ишлаб чиққан мутахассисларга кўра, янги дастур ўз гуноҳига иқрор бўлмоқчи бўлган ҳар қандай кишига ниҳоятда қўл келиши мумкин.

Янги дастурни iTunes интернет-дўконларида 1 доллар 19 центга сотиб олса бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, янги дастур инсонлар қаршисида мўъжизакор илоҳий куч эшикларини очиб, уларнинг ўз айбларига иқрор бўлишларига имкон беради.

Аммо ўз айбига иқрор бўлмоқчи бўлган киши энг аввало шахсиятига оид маълумотлар: ёши, жинси ва оилавий аҳволини киритиши лозим бўлади.

Черков Олий руҳонийларининг рухсатига қарамай, иқрор жараёнининг буткул автоматлаштирилиши ҳақида сўз юритишга ҳали эрта.

Хабар берилишича, "виртуал руҳоний"ни яратишдан мақсад - инсонларга ўз хатоларини англаб етишларига кўмак бериш ва гуноҳларидан фориғ бўлишлари учун уларни анъанавий черковга юборишдир.

"Биз католикларни ўз диний маросимларида янги технологиялардан фойдаланишга жалб этмоқчимиз," деб айтган Little iApps ширкати вакили Патрик Лейнен.

Муаллифларни янги ғояга Рим Папаси Бенедикт XVI нинг Исо мавлуди куни қилувчи анъанавий мурожаати руҳлантирган.

Рим Папаси ўзининг сўнгги мурожаатида Католик черковининг аҳволи ва унинг виртуал оламда тутган ўрнига эътибор қаратганди.

"Мен барча ёшларни замонавий технлогиялар улар учун яратаётган имкониятлардан тўғри йўлда фойдаланишга чақираман. Лекин шуни ҳам унутмангки, виртуал алоқа ҳеч қачон инсонлар билан юзма-юз мулоқотларнинг ўрнини боса олмайди," деб айтганди Папа ҳазратлари.

Американинг Индиана штатида жойлашган ширкат ходимларига кўра, янги дастурни ишлаб чиқариш жараёнига руҳонийлар ҳам жалб этилишган.

Аммо шунда ҳам, бу - Рим-Католик черковининг замон билан ҳамнафас бўлиш йўлидаги биринчи ҳаракати эмас.

Дейлик, черков 2007 йили Youtubeда ўзининг шахсий каналини очганди.