Миср Ташқи Ишлар вазири АҚШ танқидини рад этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Чоршанба кунидан бошлаб намойишчилар Парламент биноси ўнгида ҳам йиғила бошладилар.

Вашингтоннинг Мисрдаги ўзгаришлар суръатини тезлаштиришга даъват қилиши ортидан Миср Ташқи Ишлар вазири Америка ўз иродасини бошқаларга ўтказмаслиги керак, деб чиқди.

Вазир Аҳмад Абул Ғани АҚШнинг Мисрдаги фавқулодда ҳолатни бекор қилишга даъватини рад этди.

Унга кўра, норозиликлар туфайли қамоқхонлардан 17 мингга яқин маҳбус қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Аввалрооқ АҚШ президенти Барак Обаманинг сўзчиси Мисрда "жин ҳумдан чиқиб кетгани" ва агарда ҳукумат ислоҳотлар суръатини тезлаштирмаса, норозиликлар кенгайиб боравериши ҳақида огоҳлантирганди.

Оқ Уй сўзчиси Роберт Гиббснинг айтишича, ҳукумат Миср халқи талаб қилаётган ўзгартиришларнинг ҳеч бирини амалга ошираётгани йўқ.

АҚШ Мисрда деярли 40 йилдан бери амалда бўлиб келган фавқулодда ҳолатнинг бекор қилиниши ўта муҳим рамзий қадам бўлишини айтмоқда.

Ғарб дипломатларига кўра, охирги икки кунда АҚШ маъмуриятининг Миср ҳукуматига нисбатан мавқеи ўзгарди. Эндиликда Оқ Уй жорий Миср ҳукумати жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқчи эканлигига ишонмай қўйди.

Айни вақтда Мисрда 25 январда бошланган норозиликлар давом этмоқда.

Чоршанба куни шу вақтгача асосан "Таҳрир" майдонида бўлиб келган намойишчилар Парламент биноси ўнгида ҳам йиғила бошладилар ва Парламентни тарқатиб юборишни талаб қилмоқдалар.

Намойишчиларга кўра, парламент аъзолари қонунбузарликларга тўла сайловлар натижасида ва президент Муборак партиясига яратилган сунъий афзалликлар асосида сайланганлар.

Коҳирадан ташқари Сувайиш ва Порт Саид шаҳарларида ҳам норозиликлар бошланиб, зўравонликларга айланган ҳолатлар қайд этилган.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти "Human Rights Watch" Коҳира, Александрия ва Суайиш шаҳарларидаги касалхонлар берган маълумотлар асосида норозиликлар бошланганидан бери 297 киши ҳалок бўлганлигини хабар берди.

Миср расмийлари ҳалок бўлганлар сони борасида бирон маълумотлар бермаган.