Нима учун россияликлар орасида муҳожирларга қарши ҳислар кучаймоқда?

Image caption Кўпчилик Марказий Осиё фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан ёвқараш ҳар доим юқори даражада бўлганини айтишади

Москвадаги “Левада" маркази ўтказган омма сўровига кўра, аҳолининг қарийб учдан икки қисми меҳнат муҳожирлари сони камайишини истайди.

Кузатувчиларга кўра, муҳожирларга нисбатан бу каби ёвқараш сўнгги 10 йил ичида бу даражада юқори бўлмаган.

Экспертлар аҳолиси камайиб бораётган ва иқтисоди жадал ўсаётган Россия ҳамон миллионлаб ишчи кучига эҳтиёжманд эканлиги таъкидлашади.

Москвадаги “Левада маркази” Россиянинг 45 минтақасидаги 130 та шаҳар ва қишлоқларида сўров ўтказган.

Сўровда қатнашганларнинг учдан икки қисми Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари оқимига тусиқ қўйиши лозим, деб айтишган.

Жамиятшунослар шунингдек, аҳолининг “Россия руслар учун” деган шиорга қандай қарашини сўрашган.

Бу саволга жавоб берганларнинг 15 фоизи “Россия руслар учун” деган шиорни қўллаб қувватлашларини айтишган.

Шу қаторда сўралганларнинг қарийб 40 фоиздан ортиғи “Россия руслар учун” шиорининг “инсофли меёрда” амалга оширилиши мумкинлигини тилга олишган.

Жамиятшунослик фанлари доктори, Россия социология институтининг раҳбари Владимир Мукомелнинг фикрича, муҳожирларга нисбатан ёвқараш кайфиятларининг янада кучайишига ўтган йил декабр ойида Москванинг Манеж майдонида рўй берган тартибсизликлар ҳамда Домодедово аэропортидаги портлаш туртки бўлган.

“Россияда жамиятнинг муҳожирларга бўлган муносабати ўта салбий. Жамият фикрининг бундай шаклланишида ҳозирги матбуот жуда катта рол уйнамокда. Россия оммавий ахборот воситалари қатори Россия сиёсатчилари ҳам салбий кайфиятларининг кучайишига “ҳисса” қўшишади. Кўпчилик оддий Россияликлар меҳнат муҳожирлари мамлакат иқтисодиёти учун катта фойда келтираётганини тушунишмайди. Муҳожирлар жуда кам маош эвазига, Россияликлар рози бўлмайдиган аксар "қора" ишларни бажаришади”- дейди жамиятшунос Владимир Мукомел. Москвалик демограф-олима Олга Воробёванинг фикрича, меҳнат муҳожирларига нисбатан салбий ёндошув фақат Россияга хос ҳолат эмас.

“Менимча муҳожирлага нисбатан мутлақо тўғри ёндошувчи мамлакатнинг ўзи бўлмаса керак. Жамиятнинг муҳожирларга яхшироқ муносабат кўрсатиши учун қатор шароитлар бажарилиши керак. Мисол учун Россияни оладиган бўлсак, муҳожирлар Россия анъана ва урф-одатларига риоя қилшса ёки ҳурмат қилишса, уларга нисбатан жамиятнинг ҳам муносабати яхшироқ бўлади. Бундан ташқари Россияда муҳожирларнинг рус тилини билишлари ҳам, улар учун жуда муҳим”- дейди Олга Воробёва.

Россия сиёсатчилари меҳнат муҳожирларининг иқтисодиёт учун зарурлигини тан олишса-да, “хорижийлар орасида жиноятчилик кўлами борган сари ортмоқда”- деган фикрни урғулаб келишади. Москванинг Войково тумани депутати Пётр Милосердов, меҳнат муҳожирлари сонини камайтириш тарафдорларидан. Унинг фикрича муҳожирларнинг аксарияти Россияда ноқонуний яшашади ва давлатга солиқ тўлашмайди.

“Россия Федерал миграция хизмати идораси фақат миграция қайдидан ўткан ва миграция ҳужжатига эга хорижийлар ҳақида сўз юритиб келади. Лекин хорижийларнинг жуда катта қисми, миграция қайдидан ўтмайди ва улар Россия ҳудудида ноқонуний тарзда ишлашади. Оғир жиноятларга қўл уришади. Бундан ташқари қатор ширкатлар учун ҳужжатсиз хорижийларни ишга ёллаш жуда даромадли бизнесга айланган. Менимча муҳожирлар миқдори камайтирилиши лозим. Бунинг учун менимча маошлар оширилиб, муҳожирлар банд бўлган ишларга Россия фуқаролари ёлланиши керак”- дейди депутат Пётр Милосердов. Ўз навбатда мен сўҳбатлашган кўпчилик Марказий Осиё фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан ёвқараш ҳар доим юқори даражада бўлганини тилга олишди.

Москва вилоятида ишлаётган Самандарнинг фикрича, Россия ҳокимияти жамиятда муҳожирларга нисбатан салбий қарашнинг кучайишига бефарқ қарайди.

«Россия телеканалларида "қоралар" ўғрилик қилган, одам ўлдирган деган кўрсатувлардан бисёр. Марказий Осиёликлар Россияда деярли қуллик шароитида ишлашади. Энди, қуллар ҳам бизга керак эмас, бошқа келишмасин, деб айтишаётган бўлса, бунга нима дейиш мумкин? Россияда бизни ғамимизни ейдиган инсон йўқ. Президентлар ҳеч вақт мигрантлар ғамини емайди”, – дейди Самандар.

Андижонлик Абдумаликнинг фикрича эса, Россия ҳокимияти, муҳожирлар жиноят содир этаётганини ҳақида бонг уриб гапиришади, бироқ хорижийларга қарши қаратилган жиноятларга жиддий аҳамият беришмайди.

«Россия амалдорлари нима учун биз, муҳожирларнинг азоб чекаётганлигини кўрмасликка ҳаракат қилишади? Йиллар давомида ишлашади, пул олишолмайди, яна калтак ейишади. Мисол мени Россияда бир киши бир йил ишлатиб, бир тийин пулимни бермади. Мен кимга мурожаат қиламан? Милициягами? Улар яна мени ўзимни айбдорга чиқаришади. Ҳақиқатга қарамагандан сўнг, ҳар қандай жиноят бўлиши мумкин. Россияда бизни одам ҳисобида кўришмайди”, дейди юк ташувчи Абдумалик.

Шу кунларда президент Дмитрий Медведев миграция қонунларини такроран бузган фуқароларга нисбатан жиноий жавобгарлик чораси жорий этилиши мукинлигини ҳам таклиф этди.