Хитой Япониядан ўзиб жаҳоннинг иккинчи йирик иқтисодига айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитой йиллик Ялпи ички маҳсулот(ЯИМ) ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Японияни четга суриб, дунёда иккинчи ўринни эгаллаган.

Япония иқтисодиётига оид сўнгги статистик маълумотлар эълон қилинган, ушбу маълумотларга кўра, Япония Ялпи ички маҳсулоти 5.474 триллион АҚШ долларини ташкил этган.

2010 йил якунларига кўра, Хитой ЯИМ 5.8 триллион долларга яқинлашган.

Охирги пайтда экспорт ҳамда истеъмол талабининг пасайиши Япония иқтисодига салбий таъсир қилди.

Хитойда эса ҳукуматнинг иқтисодий ўсиш суръатларини камайтириш уринишларига қарамасдан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми йириклигича қолмоқда.

Бу эса, шу кетиши бўлса, Хитой АҚШни ҳам ортда қолдирармикан, деган саволларга етакламоқда.

Сўнгги расмий рақамларга қаралса, йиллик Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ўтган йили Японияда тўрт фоизга ҳам етмаган.

Бу эса Хитойникидан анча пастдир.

Хитой раҳбарияти қарийб 10 фоизлик йиллик ЯИМ ўсишни камайтиришга бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келади.

Токиодан Би-би-си мухбири хабар қилишича, бу дунё иқтисодида Япония даври тугаганини англатади.

Япония қарийб ярим аср давомида дунёнинг иқтисодий жиҳатдан қудратли иккинчи давлати бўлиб келган.

Энди эса, иқтисоди жадаллик билан ривожланиб бораётган Хитой экспортига қарамлиги ортмоқда.

Япония Иқтисодиёт вазири Каору Йосано сўнгги рақамлар кўнгилдагидек бўлмаса ҳам, ўнгланиши мумкин деб айтган:

"Янги ҳисоб-китоблар Япония иқтисоди ўтган йилнинг сўнгги чорагида бир жойда депсиниб қолганлигини кўрсатди. Аммо машина ва бошқа маҳсулотларимиз савдоси кучаяркан, иқтисодимиз ҳам жонланаётган кўринади," деб айтган Япония иқтисодиёт вазири.

Ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига тақсимланиши бўйича Япония ҳамон Хитойдан анча юқорида.

Японияда жон бошига ЯИМ қарийб 40 минг долларни, Хитойда 4500 долларни ташкил этади.