Кобулдаги савдо марказида худкуш ҳужумчи ўзини портлатган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон пойтахти Кобулдаги савдо марказида худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани оқибатида камида уч киши ҳалок бўлган.

Портлаш жойи Кобул шаҳрининг Шаҳринав туманида меҳмонхона ҳамда савдо маркази яқинидаги жой эканлиги хабар қилинган.

Пойтахт полициясидан хабар қилишларича, ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар орасида қўриқчилар бор.

Портлашдан кейин отишма бўлган.

Толибон ушбу ҳужумни ҳаракат аъзолари уюштиргани ҳақида Би-би-сига маълум қилган.

Кобул полициясидан полковник Балоч Орихилнинг айтишича, бир ҳужумчи ўзини ўзи портлатганидан кейин қолган ҳужумчилар савдо марказига бостириб кирганлар.

Бу охирги уч ҳафта мобайнида Кобул шаҳрининг қаттиқ қўриқланадиган қисмида содир этилган иккинчи ҳужум бўлган.

28 январ куни супермаркетга уюштирилган ҳужумда тўққиз киши ҳалок бўлган.

Ўтган йили худди шу ерда жойлашган ҳинд меҳмонхонаси худкушлик ҳужуми нишонига айланганди.