Сиёсий эврилишлар қандай амалга оширилади? - мутахассис фикрлари

Қоҳирадаги Таҳрир майдони Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Инқилоблар қисқа ва қонли ёда узунроқ ва тинч йўллар билан амалга оширилиши мумкин.

Улар бир-биридан фарқ қилади, бироқ баъзи бир инқилоблар қайта такрорланиш хусусиятига эга.

Худди Мисрда бўлгани сингари.

Ўз вақтида Троцкий агар қашшоқлик инқилобларга сабаб бўлганида эди, инқилоблар доимо юз берган бўларди, чунки дунёнинг аксар аҳолиси йўқсилликда кун кечиради, деб айтганди.

Учқундан чиқар аланга...

Миллионлаб инсонларнинг тарқоқ норозилигини бир жойда аланга олиши учун учқун керак.

Охирги 30 йилда рўй берган инқилобларнинг аксарига кимнингдир ўлими туртки бўлган.

Баъзида оддий бир ҳодиса инқилоб алангасини ўт олдиради.

1978 йилда Теҳрондаги кинотеатрлардан бирига ўт кетиши ортидан Эрон халқи Шоҳ тузумига қарши оёққа турди.

Баъзида бир инсоннинг ўз жонига қасд қилиши бутун бир мамлакат эътиборини ўзига қаратиши мумкин.

Тунисда 2010 йил декабрида оддий кўкатфуруш Муҳаммад Буазизийнинг ўз жонига қасд қилгани сингари.

Баъзида эса одамлар орасида тарқалган овозалар тузумдан тўйган халқни кўчаларга олиб чиқади.

1989 йил ноябрида Прагада икки талабанинг сирли ўлими учун хуфия полиция айбланган эди.

Режимларни қулатувчи яна бир омил сарой аҳлининг давлат раҳбаридан юз ўгиришидир.

Полиция, армия ва ҳукумат мулозимлари режимни ҳимоя қилгандан кўра инқилобдан кўпроқ нарсани йўқотишларига кўзлари етса, ҳар қандай исён бостирилиши мумкин. Тянанмен майдонини эсга олинг.

Аммо сарой аҳли ёки армия режимни ҳимоя қилишдан наф йўқлигига ишонч ҳосил қилса ёда пулга сотиб олинса, режим қисқа фурсатда ағдарилиши мумкин.

Тунис президенти Бен Али, армия генераллари унга оломонга қарата ўт очмасликларини айтганларида, мамлакатдан қочишга мажбур бўлди.

1989 йил декабрида Чаушеску томонидан дарғазаб оломонни бостиришга юборилган генерал кейинчалик унинг ўзига ўлим жазосини чиқарган маҳкамага раислик қилганди.

Ташқи босимлар

Режимнинг ўзгаришида ташқи босимлар ҳам катта рол ўйнайди.

1989 йилда Михаил Горбачев шарқий Оврўподаги норозиликларни бостириш учун Совет армиясини сафарбар этмагани сабаб бу мамлакатлардаги генераллар куч ишлатиш билан масалага ечим топиш мумкин эмаслигини англаб етишганди.

Қўшма Штатлар кўп ҳолларда ўзининг авторитар иттифоқчиларини кўчаларга чиққан оломон билан аввалига тил топишга чақирса, кейинчалик, режимнинг оёғи тоя бошлаган пайт, улардан истеъфога чиқишни талаб қила бошлайди.

Кўп ҳолларда давлат раҳбари кексалиги сабаб инқилоб режимни тиз чўктиради.

Инқилоб 24 соат диққатли бўлишни тақозо этади.

У инқилоб раҳбаридан ҳам, диктатордан ҳам тез фикрлаш ва бардошли бўлишни талаб қилади.

Кекса ва бемор раҳбар инқирознинг кучайишига хизмат қилади.

Ун йиллаб ҳокимият тепасида туриш сиёсий эсарликни кучайтиради ва режимга тезкор манёврлар қилиш имконини бермайди.

Мисрда юз берган ҳодисалар инқилобларнинг асосан ёшлар томонидан амалга оширилишини кўрсатди.

Кўп ҳолларда халқ ағдарилган ҳукмдорни жазолашга ташна бўлади. Янги ҳукмдорлар ҳам халқни мавжуд иқтисодий ва ижтимоий муаммолардан чалғитиш учун баъзида эски ҳукмдорни жазолаш усулидан фойдаланишади.

Муаллиф: Оксфор Университети тарихчиси, "Дунёни шакллантирган исёнлар ва сиёсий эврилишлар" китобининг муаллифи Марк Алмонд.