Ливия: 'Бенғози шаҳрида норозилик намойишлари кечган'

Муаммар Қаддафи 1969 йилдан бери қудратда Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Муаммар Қаддафи 1969 йилдан бери қудратда

Хабарларга кўра, Ливиянинг Бенғози шаҳрида юзлаб одамлар полиция ва ҳукумат тарафдорлари билан тўқнашишган.

Гувоҳларнинг Би-би-сига айтишларича, тартибсизликлар ҳукуматнинг очиқ танқидчиларидан бири ҳибсга олиниши ортидан бошланиб кетган.

Ҳимоячисининг айтишича, у кейин қўйиб юборилган, аммо норозилик чиқишлари давом этган.

Яқин ўтган бир неча ҳафталар ичида қатор араб мамлакатларида демократия талаби билан кечган намойишлар Тунис ҳамда Миср давлат раҳбарларини қудратдан кетишга мажбур қилди.

Интернет орқали одамлар пайшанба куни Ливияда норозилик юришларига даъват қилинган.

'Полиция ҳам жароҳатланган'

Бенғозида тун бўйи норозилик чиқишлари кечгани мустақил манбаълар тарафидан тасдиқланмаган, аммо гувоҳлар бир жойда 2 минг киши тўпланганини айтишади.

Шоҳидларга кўра, намойишчилар полицияни тошлар билан нишонга олишган, полиция эса, сув, кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар билан жавоб қайтарган.

Кейинроқ, давлат телевидениеси Бенғозида тўпланган бир неча юз киши ҳукуматни дастаклаб чиққанини намойиш этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1

Ҳозиргача ҳукумат пойтахт Триполи шарқидан 1,000 чақирим узоқда жойлашган ушбу бандаргоҳ шаҳарчада юз берган ҳодисалар юзасидан изоҳ бермаган.

Ливиядаги хусусий нашрлардан бири Қуриёна газетасининг хабар қилишича, 10 полиция зобити дохил 14 киши тан жароҳати олган.

Номини ошкор этишни истамаган гувоҳлардан бири Би-би-сига қуйидагиларни айтган: "Оламон ичидан бир неча киши аксилҳукумат шиорларини айтиб қичқира бошладилар ва оламон буни қайтарди".

"Аммо, кейин ҳукумат тарафдорлари билан тўқнашув кечди. Бироз вақт ўтиб, ҳукумат тарафдорлари тарқалиб кетишди ва хавфсизлик кучлари етиб келишди. Улар оламонни иссиқ сув билан тарқатишди", дейди гувоҳ.

Хабарларга кўра, норозилик чиқишлари 1996 йил Триполидаги Абу Салим ҳибсхонасида хавфсизлик кучлари тарафидан қирғин қилинган 1,000дан ортиқ маҳбуснинг яқинлари шикоятларини тақдим қилаётган Фатҳи Тербилнинг ҳибсга олиниши ортидан бошланган.

Манбаъларининг айтишларича, у ҳозирги маҳбуслар оилаларига қамоқхонага ўт кетганини айтиши ва норозиликка ундаши ортидан қўлга олинган. Тербил жаноблари кейинроқ қўйиб юборилган. Ливиядан етиб келаётган хабарларда чоршанба куни кечда Абу Салимдан таъқиқланган жангари гуруҳнинг 110 аъзоси қўйиб юборилиши кутилмоқда. Аммо, Бенғозидаги тўқнашувлар ва маҳбусларни озод қилиш режаси ўртасида қанчалар боғлиқлик борлиги қоронғу.

Пайшанба куни ҳукуматга қарши намойишлар режаланган ва у интернет орқали ташкиллаштирилмоқда.

Би-би-си мухбири Жон Лейннинг хабар қилишича, 1969 йилдан бери қудратда бўлган Полковник Қаддафининг ўзи норозилик чиқишларига қўшилиши мумкинлигини айтган.

У ҳар доим мамлакат қатор халқ қўмиталари тарафидан бошқарилишини таъкидлаб келган. Бироқ, ташқаридаги кузатувчилар Ливияни Қаддафининг қаттиқ назорати остидаги полиция давлати эканига ишонадилар.

Яқин Шарқ ишсизлик, озиқ-овқат нархларининг ошиши, коррупция ва авторитар раҳбариятга қарши қатор норозиликлар тўлқинига гувоҳ бўлди.

Бу январ ойида Тунис раҳбари Бен Алининг қудратдан кетказилиши билан бошланганди.

Ўтган ҳафта Миср Президенти Ҳусни Муборак истеъфо берди.

Шунингдек, Яман, Баҳрайн ва Эронда ҳам аксилҳукумат намойишлари кузатилди.