Эронда талабанинг дафн маросими тўқнашувларга сабаб бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрон парламенти аъзолари ғазаб билан мухолифат раҳбарларининг қатл этилишига чақирдилар

Теҳронда душанба куни бўлиб ўтган аксил-ҳукумат намойишларида ҳалок бўлган талабанинг дафн маросими яна тўқнашувларга сабаб бўлган.

Бу ҳақида Эрон давлат телевидениеси хабар қилди.

Ҳам ҳукумат-параст ва ҳам аксил-ҳукумат намойишчилар талаба уларнинг сафдоши бўлганини даъво қилишмоқда.

26 ёшли Сана Жола душанба куни минглаб мухолифатчиларнинг норозилик чиқишлари вақтида ҳалок бўлган икки кишидан бири бўлган.

Мазкур чиқишлар Теҳронда ўтган бир йил ичида юз берган энг йирик намойиш бўлиб, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги нотинчликлар ортидан юз бермоқда.

Жаноб Жоланинг дафн маросими Теҳрон Университетида бошланган.

"Талабалар ва дафн маросимига келган одамлар мухолифатга алоқадор кичик сонли одамлар билан тўқнашишди ва "иккиюзламачиларга ўлим" дея уларни сиқиб чиқаришди," деб хабар қилди Эроннинг IRIB давлат телевизион канали.

Жароҳат ё талафот борасида бирон хабар берилмади.

Теҳрондаги дафн маросимида иштирок этган Би-би-си мухбири Муҳсин Асқарий йирик тўқнашувларга гувоҳ бўлмаганини айтди. Бироқ, унга кўра, полиция университетга элтувчи барча йўлларни тўсиб олган ва фақат ҳукумат-параст намойишчилар киришига рухсат берган.

Душанба куни мухолифат раҳбарлари Мир Ҳусайн Мусавий ва Маҳди Карубийларнинг минглаб тарафдорлари Тунис ва Мисрда ҳукуматни ағдарган мухолифат ҳаракатларига ўз дастакларини изҳор қилиб кўчаларга чиқишган.

Уларни тарқатишга уринган полиция ва намойишчилар орасидаги тўқнашувда икки киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган. Мухолифатга кўра, 1,500 киши ҳибсга олинган, аммо расмий кўрсаткич - 150 киши.

Эрон парламенти аъзолари икки мухолифат раҳбарининг маҳкамага тортилиб, қатл этилишларига чақиришган.