Баҳрайнда ҳукуматга қарши намойишчилар полиция томонидан ўққа тутилди

Ярадорлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Баҳрайн пойтахти Манама кўчаларига қуролли полиция жойлаштирилган.

"Марварид" майдонидаги гувоҳларга кўра, чоршанба оқшоми полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни ишлатган.

Намойишчилар майдон атрофидаги кўчаларга қараб қочганлар.

Хавфсизлик кучларининг ҳеч қандай огоҳлантиришсиз намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида камида уч инсон ҳалок бўлган, уч юздан ортиқ одам яраланган.

Би-би-си мухбирига кўра, ўлдирилганлардан бири бошидан яқин масофадан туриб нишонга олинган.

Полиция машиналари пойтахтдаги марказий майдонни ўраб олган ва кучаларда танкларни кўриш мумкин.

Телевидение орқали чиқиш қилган ички ишлар вазирлиги воизи армия хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини айтган ва одамларни шаҳар макразидан узоқроқ туриш хақида огоҳлантирган.

Шифохонага ётқизилган намойишчилардан баъзиларининг аҳволи жиддий экани айтилади.

Оломон ичида бўлганлардан бири Баҳрайндаги шифохонадан туриб, Би-би-сига мана буларни гапириб берди:

"Бу ерда ит эгасини танимайди. Тез ёрам машиналари етиб келаяпти, атроф одамлар, ғазабнок одамлар билан тўла. Тез ёрдам машиналарининг охири кўринмайди. Одамлар шиорларни айтиб, ҳайқиришаяпти. Қайғу ва ғазаб аралашиб кетган," дейди бу намойишчи.

Американинг Эй-Би-Си телеканали мухбири Мигуэл Маркез полиция томонидан дўппосланган.

"Мени бир гуруҳ безорилар ўласи қилиб уришди. Мен ҳозир меҳмонхонамиз ёнидаги бозорчада турибман. Полиция ўйнаб юргани йўқ. Улар майдонни бугуннинг ўзида намойишчилардан тозалашмоқчи. Ҳукумат намойишларнинг катталашиб кетишига йўл қўймоқчи эмас. Мен резина ўқларга ўхшаган ўқ товушларини эшитдим, улар бошим устидан учиб ўтди ва кўздан ёш оқизувчи газнинг охири йўқ эди. Ҳукумат бугун намойишлар тўхтайди, деяпти. Бу ерда агар Баҳрайндаги тузум кетса, кейингиси Саудия Арабистони бўлади, деган қўрқувлар бор," дейди америкалик журналист.

Аммо мухолифат аъзоларидан Иброҳим Шариф Би-би-си билан суҳбатда намойишларчилар ислоҳотларни талаб қилишда давом этишларини айтди.

"Биз ҳақиқий ислоҳотларни истаймиз. Ҳақиқий ислоҳот бу истибдод ва мутлақ монархиянинг йўқотилиши деганидир. Бизда демократия йўқ, бизда фақат кўзбўямачилик, холос. Бутун дунёга Баҳрайн замонавий давлат, деб кўрсатилади, аммо аслида бу қабила давлати. Номига замонавий, аммо қабилачилик асосида бошқариладиган давлат," дейди мухолифат фаоли.

Унга кўра, бугун эрталаб полициянинг ҳеч қандай огоҳлантиришсиз намойишчиларга қилган ҳужуми баҳрайнликларнинг қиролликка ишончини буткул йўқотган.

"Бугун ҳеч ким қиролга ишонмайди. Кечирасизу, лекин бу қиролликни ислоҳ қилиб бўлмайди. Биз уни тарихнинг ахлатхонасига отиб юборишимиз керак, тамом-вассалом," дейди Иброҳим Шариф.

Баҳрайндаги "Ахбор ал-Ҳалиж" рўзномаси бош муҳаррири Анвар Абдул Раҳмон эса, ҳукумат чораларини ҳимоя қилади.

"Менимча, ҳукуматнинг бошқа чораси қолмаганди. Бу одатий бир исён эмас. Қандай қилиб парламентдаги "ал-Вафоқ" Исломий партиясинингг 18 аъзоси бу намойишчиларга қўшилиб қолди? Исённинг ташкилотчилари ўшалар. Бундан ташқари талаблар ҳам аниқ эмас. Улар бир ҳукуматни ағдарамиз, бир тузумни йўқотамиз, дейишади. Улар ҳаммасига ишсизлик сабаб, дейишаяпи. Аммо, эътиборингиз учун, 600 минг ишчи, осиёлик, оврўполик, британияликлар келиб, Баҳрайнда ишлашаяпти. Менинг айтмоқчи бўлганим шуки, бир ҳовуч одам ҳукумат ва жамиятни гаровга олмоқчи бўлган пайт ҳукумат тегишли чораларни кўришга мажбур," дейди Анвар Абдул Раҳмон.

Яқин Шарқдаги нотинчликлар тўлқини Шимолий Африкадаги Тунисдан араб днёсининг энг муҳим давлати бўлган Миср ва эндиликда Форс кўрфазига кўчди.

Баҳрайн Миср эмас...

Фото муаллифлик ҳуқуқи clip from video

Нефт экспорт қилувчи Баҳрайн қашшоқ давлат эмас.

Би-би-сининг дипломатик мухбири Жонатан Маркусга кўра, нотинчликлар Баҳрайндаги аксарият шиа аҳолиси ва ҳукуматдаги суннийлар ўртасида узоқ тарихга эга кескинликни ҳам акс эттиради.

"Баҳрайн ҳукумати намойишларни куч билан бостиришга аҳд қилган кўринади. Мисрдан фарқли ўлароқ, Баҳрайн хавфсизлик кучларида хорижликлар, айниқса, Покистон ва Яманликлар кўп. Бу уларнинг маҳаллий намойишчиларга қўшилиб кетиш хавфини истисно қилади," дейди Би-би-сининг дипломатик мухбири Жонатан Маркус.

Баҳрайн муҳим стратегик мавқеъга эга.

У ерда АҚШнинг бешинчи ҳарбий-денгиз флоти қароргоҳи жойлашган.

Баҳрайн амалда Саудия Арабистонинг бир қисми, фақат ўзининг шиа аҳолисига эга давлат.

Шунинг учун ҳам ар-Риёдда воқеалар ривожини яқиндан кузатмишмоқда.

Ушбу орол давлатда ўзининг стратегик манфаатларига эга Эрон ҳам шундай.