Жаҳон бозорларида пахта нархи кескин ошди

Image caption Жаҳон бозорларида пахта нархи кескин ошди, лекин кўплаб ширкатлар болалар меҳнатидан фойдаланилгани туфайли ўзбек пахтасини бойқот қилмоқдалар.

Халқаро биржаларда бир килограм пахта хом ашёси учун нарх камида 4 ярим долларга чиқди.

Бу пахтанинг нархи бу йил кескин ошганлигини англатади.

Бунга пахта захираларнинг тақчиллиги ва Хитойда ўта тез суръатларда ривожланиб бораётган тўқимачилик саноати сабаб бўлган.

Баъзи пахтани қайта ишлаш корхоналари нархлар тушишига умид қилиб, пахта сотиб олишни ортга суриб келмоқда эдилар.

Бироқ кейинчалик захиралар тақчиллигидан чўчиб, шоша-пиша хом ашё сотиб олишга мажбур бўлишган.

Пахта нархининг ошиши айниқса арзон кийим кечаклар ишлаб чиқарадиган корхоналар маҳсулотлари нархига таъсир қилиши мумкин.

Аммо мустақил фермерлик амал қилувчи мамлакатларда фермерлар хом ашё нархлари ошганидан каттагина фойда кўриши кутилмоқда.

Ўзбекистон пахта етиштириш ва экспорти бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келган.

Лекин пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланганлиги туфайли бир неча йил аввал жаҳоннинг йирик ширкатлари ўзбек пахтасини бойқот қила бошладилар.

АҚШ Меҳнат вазирлиги эса болалар меҳнати иштирокида етиштирилган маҳсулотлар рўхатини янгилаб, унга Ўзбекистонда етиштирилган пахтани ҳам киритди.

Яқинда Лондондаги Шарқ ва Африка давлатлари тадқиқотлари маркази Ўзбекистон ва Тожикистонда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиш йўлида илгари силжиш борми-йўқлиги борасида ҳисобот чиқарди.

Ҳисобот хулосаларига кўра, ҳам Ўзбекистонда пахта далаларида ҳануз болалар меҳнатидан кенг фойдаланилади.

Ўзбекистонда пахтани сотиб олиш давлат монополияси ўрнатилган. Яъни пахта етиштириш билан шуғулланувчи фермерлар хом ашёни фақатгина давлатга топширишлари мумкин.

Кузатувчиларга кўра, фермерларга пахта учун жуда паст ҳақ тўланиб, пахта савдосидан тушадиган мўмай фойдадан мамлакатни бошқариб турган бир ҳовучгина сиёсий элита наф кўриб келади.