Баҳрайнда тартибсизликлар: намойишчилар "Марварид" майдонини эгаллашди

Мармара майдони Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Баҳрайнда ҳукуматга қарши бўлган минглаб одамлар пойтахт Манамадаги намойишчиларнинг рамзий маркази - "Марварид" майдонига йиғилганлар.

Аввалроқ полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солганди.

Қанча одамнинг жароҳат олгани маълум эмас.

Шанба куни эрталаб Баҳрайн ҳарбий машиналари "Марварид" майдонидан чиқиб кетганди.

Валиаҳд шаҳзода Шайх Салмон бин Ҳамад ал-Халифа чиқарган баёнотга кўра, шаҳзода "барча ҳарбийларга Баҳрайн кўчаларидан дарҳол чиқиб кетишга буйруқ берган."

Қуролли кучлар бош қўмондонининг муовини бўлган шаҳзода Салмон бин Ҳамад полиция "тартиб ва қоидани сақлашда давом этади," деб айтган. Аввалроқ Баҳрайндаги асосий шиа мухолифат партияси "Вефақ" суннийлар томонидан бошқарилувчи ушбу кўрфаз мамлакатида тартибсизликларни тўхтатиш учун миллий диалог ўтказиш ҳақидаги Подишоҳ Ҳамаднинг таклифини рад этганди.

"Вефақ" партияси аввал ҳукумат истеъфо берсин ва қўшинлар "Марварид" майдондан олиб чиқилсин, деган шарт қўйганди.

Ҳукуматга қарши намойишларда мухолифат тарафдорлари кўпроқ сиёсий эркинликлар берилишини талаб қилган эдилар.

Пайшанба куни хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган тўрт намойишчи жанозасига тўпланган оломонни куч билан тарқатиб юбориш жараёнида камида 50 одам яраланган эди.

Парламентдаги 40 ўриндан 18 тасини эгаллаб турган "Вефақ" ҳукуматнинг куч ишлатишига эътирозан парламентдан чиқиб кетган.

Баҳрайн Туниснинг узоқ йиллик президенти Зайналобиддин Бен Али январ ойида ағдарилиши ортидан намойишларга гувоҳ бўлган бир неча араб давлатидан биридир.