Россияликлар АҚШнинг интернетни ривожлантириш режасига турлича қарашади

Интернет Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қўшма Штатлар ҳокимияти жорий йилда авторитар тузум ҳукмрон мамлакатларда интернетни ривожлантириш учун 25 миллирад доллар ажратилишини билдирди.

АҚШ Давлат Департаменти Twitter ижтимоий веб сайтида хитой, ҳинд ва рус тилларида микроблоглар очишини эълон қилган.

Ўз навбатида Вашингтон режасига Россия интернет жамоаси турли фикр билдирмоқда.

Кремлга яқин экспертлар АҚШ раҳбарияти режасини кескин танқид этган бўлсалар, мухолифат тарафдорлари Вашингтон ташаббусини олқишлаган.

Қўшма Штатлар Давлат котиби Ҳиллари Клинтон шу ҳафта бошида чиқиш қилиб, Вашингтон Twitter тармоғида хитой, ҳинд ва рус тилларида микроблоглар очилишини айтди.

Ушбу интернет тармоғи, Ҳиллари хонимга кўра, фуқароларнинг реал вақтда ўзаро фикр алмашишларига имконият яратади ва авторитар давлатларнинг интернетга қўйган тўсиқларини бартараф этади. Вашингтон режаси Россия интернет форумларида, қизғин баҳсларга айланган.

Twitter тармоғида, рус тилида микроблоглар очилишига тарафдорлардан кўра, унга қарши бўлганлар анча.

Оқ Уй ташаббусига қарши бўлганлар фикрича, Қўшма Штатлар Россияни парчалаш мақсадида бундай тадбирни бошлаган. kreml.org веб саҳифасининг раҳбари Павел Данилин АҚШ танқидчиларидан биридир.

Унинг фикрича, Вашингтон режаси бирор ижобий натижа бермайди.

"Бу мутлақо маъносиз режа, бирор фойда келтирмайди. Бизда интернет АҚШдагига қараганда анча эркин. Мисол учун, бизда блогерлар фаолияти кучли. Блог саҳифалари ахборот агентлиглари ҳамда телевидение ўрнини босадиган манбаларга айланмокда. Россия интернетида эркинлик йўқ дейиш, хато фикр," дейди Павел Данилин.

Москвадаги "Рус Фокуси" журналининг собиқ бош муҳарири, мустақил журналист Пётр Фадеев фикрича, Twitter тармоғида рус тилидаги блогларнинг очилиши, Россия интернети учун ижобий аҳаммиятга эга.

"Муаммо шундаки, керакли ва холис ахборотни асосан Кремл ҳомийлиги остида бўлмаган сайт ва блогерларда топиш мумкин. Бундан ташқари, интернет Россиянинг Оврўпо қисмида анча илгари сурилган бўлса-да, бошқа ҳудудларда фуқароларнинг интернетдан фойдаланишга қурблари етмайди. Яна Россия телеканаллари ва интернет орасидаги фарқ жуда катта. Интернетда муҳокима этиладиган мавзулар, Россия телевидениясида умуман кўтарилмайди," дейди журналист Пётр Фадеев.

Ҳокимият танқидчиларига кўра, Россиядаги йирик интернет тармоқларига Кремлга яқин миллиардерлар эгалик қилишади.

Биринчи ўринда "Металинвест" ширкати раҳбари, Россиянинг энг бадавлат фуқароларидан бири Алишер Усмоновнинг номи тилга олинади.

Жорий йил бошида Алишер Усмановга тегишли Digital Sky Technologies ширкати Facebook сайтининг қарийб беш фоиз ҳиссаларини сотиб олгани бундай баҳсларни янада кучайтирди.

"Фарғона.ру" интернет веб сайтининг раҳбари Даниил Кислов миллиардер Усмонов "Кремл буйруғи асосида бундай йирик ахборот воситалрини харид қилади,” деган фикрга қўшилмаслигини айтади.

"Алишер Усмонов фақат тижорий нуқтаи назардан, ахборот ва интернет сайтларни сотиб олади деб ўйлайман. Чунки у бир неча йил олдин “Коммерсант” рўзномасини сотиб олганида кўпчилик "рўзнома Кремл ноғорасига айланади," деб бонг урганди. Бироқ, бундай бўлмади. Усмоновга тегишли ушбу рўзнома ва сайтлар, олдингидек Россиянинг энг кучли ва мустақил нашрларидан саналади,"дейди Даниил Кислов.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги қатори Россия ҳам, ижтимоий сайтларда аҳоли кайфияти, хусусан мухолиф фикрларни назорат қилиши айтилади.

Мустақил журналист, Қудрат Бобожоннинг айтишича, ҳокимият назорати ижтимоий сайтларнинг ривожланишини тўхтата олмайди.

"Ижтимоий сайтларни фақат сиёсий жабҳа деб ҳисобламаслик керак. Сайтлар ва умуман ҳар бир ахборот воситаси даромад манбаи ҳамдир. Бошқа тарафдан Россия ва бошқа малакатлар махсус хизматлари ижтимоий сайтларни назорат этишга ҳаракат қилишади. Лекин жамоатчилик Facebook каби ижтимоий сайтлар очиқлигидан фойдаланиб, бир-бирлари билан яқинлашади ва ягона фикр атрофида бирлашади," дейди мустақил журналист Қудрат Бобожон.

Россия интернети, АҚШ ва Оврўпога нисбатан анча орқада бўлса-да, собиқ Шуро давлатлари орасида пешқадамлардан биридир.

Қидирув сайтлари Yandex, Mail.ru, Rambler ҳамда odnoklassniki.ru, vkontakti.ru каби ижтимоий саҳифалар ҳамдўстлик ҳудудида энг оммабоп тармоқларга айланиб бўлган.

Россиядаги бош интернет тарғиботчиси эса Президент Дмитрий Медведев экани айтилади.

Дмитрий Медведев Россия амалдорларининг янги соҳа – интернет блог дунёсига йўл очган.

Ҳозирги пайтда қатор Россия амалдорлари, президент каби, ўз блог саҳифаларига эга.