Инқилоб:темир деворлар бузилиши ва асабий ҳукмдорлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бугун Баҳрайн, эртага?..

Тунисда илк норозилик намойишлари кечганидан бери эндигина икки ой ўтди. Умидсизликка тушган ёш йигит ўзига ўт берди. Полиция бу йигитнинг тирикчилигига, мева-сабзавот сотишига рухсат бермаган экан...

Тунислик бу йигит дунёни тарк этар экан, кўп ўтмай Тунис ва Миср президентлари ҳам лавозимдан кетишди.

Намойишчилар бир нарсани яхши ўрганишди. Қачонки, полициядан қўрқувни енгар экансиз, мисли кўрилмаган воқеалар рўй беради.

Қоҳирадаги намойишлар лидерларидан бири 25 январ куни, илк намойишдан аввал у бу норозилик амали беш дақиқа ҳам давом этмайди, ҳаммамизни бирма бир полиция ҳибсга олади деб ўйлаганини айтди.

Мен ҳам Қоҳирага намойишларнинг иккинчи куни етиб келар эканман, Президент Муборакнинг курсиси бу намойишчилар учун ҳаддан ортиқ мустаҳкам деб ўйлаганимни эслайман.

Аммо ундай эмас экан. Ҳозир араб давлатларидаги бирор бир раҳбар " менинг курсимга хавф йўқ" деб ўйламаса керак.

Намойишлар Эронда ҳам бошланди.

Эрон мулозимлари, Араб давлатлари - улар қаторида Яман, Ливия, Жазоир ва Баҳрайнда қудрат соҳиблари қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ.

Бошқа мамлакат раҳбарлари, уларнинг махсус махфий полициялари ҳам бизда намойишлар қачон бошланади деган таҳликага тушишган.

Бу давлатларнинг барчасида норозилик учун асослар етарли.

Норозилик асосларининг табиати ҳам анчайин умумийлик касб этиб улгурган.

Ана шу умумий жиҳатлардан бири шуки, барча давлатларда ҳукуматлар озми кўпми репрессив сиёсат юргизади.

Араб давлатларида кечаётган норозилик намойишларининг бошқа бир муҳим омили шундаки, ёш авлод дунёдан ўз ота-оналаридан кўра кўпроқ огоҳдирлар.

Инқилоб чегарасизлиги ва ё Ғарбнинг икки қизарган юзи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ғарбнинг минтақадаги собиқ дўсти

Яқин Шарқда омма фикри бундан эллик йилча аввал шакллана бошлади. Қоҳирадан тараладиган радиотўлқинларнинг хизмати катта бўлди.

Раҳбарлар халқнинг нима ҳақда ўйлашига таъсир қила оламиз деган ишончга келишди.

Бу ишонч яксон бўлди. Сунъий йўлдош орқали узатиладиган арабча телевизион дастурлар тўқсонинчи йиллар ўрталаридан бери барча тақиқланган ва ё четлаб ўтиладиган мавзуларни муҳокама қилишни бошлади.

Ортиқ мамлакатларни темир деворлар ортида сақлаш мумкин бўлмай қолди.

Аммо бу мамлакат раҳбарлари ҳамон олтмишинчи йилларда яшашарди.

Ҳозир нигоҳлар Баҳрайнга қадалган.

Йилларки мамлакатнинг сунний мазҳабидаги подшоҳ оиласи етмиш фоиздан ортиқ шиалар яшайдиган давлатни бошқариб келади.

Қоҳирадаги намойишлар Яқин Шарққа ҳам тарқай бошлади. Баҳрайн Саудия Арабистони билан яқин алоқаларга эга.

Баҳрайндаги шиалар орасида норозилик Саудия подшоҳи оиласини ҳам безовта қилади.

Саудия Арабистони шарқидаги нефтга бой минтақада каттагина шиа аҳолиси истиқомат қилади.

Эҳтимол, Саудия Подшоҳ оиласи хавотирга тушиши табиийдир... Подшоҳ ҳам Шаҳзода ҳам кексайиб қолишган ва икковлоннинг ҳам саломатлиги яхши эмас.

Араб давлатларида норозилик амаллари бошланмасидан аввал Подшоҳ оиласи қудратни кейинги авлод шаҳзодаларига топшириш ташвишида эди.

Агар Саудияликлар сўнгги эврилишлардан хавотирда бўлишса, Вашингтон, Лондон ва Ғарбдаги бошқа давлатлар пойтахтларида "ҳисоб - китоб" амалларини тасаввур қилаверинг.

Йилларки ўзларини демократия ва инсон ҳуқуқлари чемпионлари деб билган бу мамлакатлар энг нодемократик режимларни қўллаб келишди.

Дипломатиядаги иккиюзламачиликка энг фойдали мисол ҳам эҳтимол шудир...

Аммо эндиликда Ғарб Янги бир Яқин Шарқ билан муносабат ўрнатиши керак.

Ҳозирча, ҳеч ким Янги Яқин Шарқ қанақа бўлишини айтиб беролмайди.