Сўнгги янгиланиш 23 феврал 2011 - 18:20 GMT

Қаддофий ҳукумати Ливиянинг кам ҳудудини назорат қилмоқда

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий ҳам ички ва ҳам ташқи босим остида қолган.

Мамлакат ичкарисида унинг назорати остида Ливиянинг тобора кам ҳудуди қолаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Халқаро ҳамжамият бир овоздан намойишчиларга қарши шафқатсиз куч қўлланганини қораламоқда.

Қаддофий ҳукуматидаги қатор сиёсатчилар мухолифат тарафига ўтганлар.

Ливиянинг бир неча хорижий мамлакатлардаги элчиликлари ходимлари Қаддофий тарафдорлигидан воз кечганлар.

Жумладан, Ливиянинг БМТдаги миссияси мамлакатдаги вазиятни БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама этиш таклифи билан чиққан.

Ливиянинг БМТдаги элчиси ўринбосари Иброҳим Даббоший Хавфсизлик кенгашининг намойишчилар ўлимига масъулларни жавобгарликка тортиш баёнотини олқишлаган, аммо янада кучлироқ баёнотга умид қилганини айтган.

"Мен Хавфсизлик Кенгашига бугунги амали учун ташаккур айтмоқчиман. Баёнот унчалик кучли эмасди, аммо Ливия халқини қираётган режимга қарши яхши огоҳлантиришдир. Менда бор маълумотларга кўра, Муаммар Қаддофий чиқишидан кейин Ливия жанубида халққа қарши ҳужум бошланган. У аввал Зовияда бошланиб, кейин Сурман шаҳрига ўтган ва мана ҳозир Сабрасада давом этмоқда. Одамларда қурол йўқ ва менимча, Ливияда қатли ом бошланди. Қаддофий чиқиши айнан шунга ишора қилганди деб ўйлайман", деган Иброҳим Даббоший.

Ливияда Муаммар Қаддофийдан кейинги иккинчи қудратли шахс деб кўрилган ички ишлар вазири Абдул Фаттоҳ Юнус ал-Обидий мухолифат тарафига ўтган ва армияни ҳам халққа қарши қурол қўлламасликка чақирган.

Араб Лигаси Ливиянинг ушбу ташкилотга аъзолигини вақтинча тўхтатган.

Сешанба куни Муаммар Қаддофий телевидение орқали мурожаат билан чиққан, унинг бу мурожаати кўпчилик томонидан ғазаб билан қарши олинган.

бу ерга босинг БМТ Ливиядаги зўравонликларни қоралади

бу ерга босинг

Ливиянинг шарқидан хабар узатаётган Би-би-си мухбири Жон Лайнга кўра, мамлакатнинг аксар аҳолиси полковник Қаддофийнинг ҳукумати Ливиянинг айрим ҳудудларинигина назорат қилаяпти деб ўйлашади.

Хусусан, пойтахт Триполининг баъзи қисмлари ва мамлакат жанубидаги Сабха шаҳрини.

Қатор мамлакатлар, АҚШ, Хитой, Франция, Туркия, Ҳиндистон ва Россия ўз фуқароларини Ливиядан эвакуация қилишни бошлаганлар.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Ливияда камида 300 инсон ҳалок бўлган.

Бироқ Ливия билан алоқалари яқин бўлган Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттини сўзларига кўра, минг киши ҳалок бўлгани "унга ҳақиқатга яқин кўринади".

Франция Президенти Николя Саркози Оврўпо Иттифоқи мамлакатларини Ливия билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатишга чақирди.

Жаҳондаги қатор йирик ширкатлар, жумладан Испаниянинг Repsol ва Италиянинг ENI ширкатлари Ливия билан ҳамкорликни тўхтатганлар.

Франциянинг Total ширкати Ливиядан нефт олишни тўхтатиши ҳақида эълон қилди.

Ушбу ҳолат жаҳонда нефт нархининг ошиб кетишига сабаб бўлган.

Brent туридаги нефтнинг бир баррели баҳоси 2008 йил сентябридан кейин илк бор 110 долларга кўтарилган.

Ливия жаҳондаги 12-йирик нефт экспорт қиладиган мамлакат ҳисобланади, бу мамлакатда ишлаб чиқарилган нефт асосан Оврўпо бозорларига олиб чиқилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.