Шинжонда тўрт киши ўлим жазосига ҳукм этилди

Image caption Шинжонда 2009 йилги этник тўқнашувлардан сўнг кўплаб аскарлар жойлаштирилган.

Хитой матбуоти хабарларига кўра, Шинжон мухтор бўлгасида уюштирилган ҳужумарда айбдор топилган тўрт шахс ўлим жазосига ҳукм қилинган.

2010 йилнинг август ва ноябр ойлари ўрталарида рўй берган ҳужумларда 9 киши ҳалок бўлганди.

"The Xinjiang Daily" вебсаҳифасида берилган маълумотларда айтилишича, ўлим жазоси Хитой Олий маҳкамаси томонидан тасдиқланган. Бу ҳукм ҳар қандай вақтда ижро этилиши мумкинлигини англатади.

Ўтган йилги ҳужумлардан энг кучлиси Хитойнинг Қирғизистон билан чегарсига яқин ерда жойлашган Оқсу шаҳрида 19 август куни рўй берганди.

Портловчи моддалар ортилган машинанинг оломонга келиб урилиши оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, кўплар жароҳатланган.

Ушбу ҳодисада маҳкама тортилганлардан икки киши Турхон Турди ва Абдулло Турочунлар айбдор топилган.

Охуночун Нур эса ноябр ойида Хўтан шаҳрида полиция зобитини ўлдиришда айбдор топилди.

Абдуқаюм Абдураҳмон Шинжоннинг Ҳами минтақасида қўл бола ясалган қурол билан икки кишини ўлдиришда айбдор топилди, деб хабар берган "The Xinjiang Daily" вебсаҳифаси.

Ушбу тўрт шахснинг ҳаммалари уйғур бўлгинчилик ҳаракати аъзолари, дея гумон қилинмоқда.

2009 йили Шинжонда маҳаллий уйғур аҳолиси ва хан хитойлари ўртасида этник тўқнашувлар бўлиб ўтганди.

Ўтмишда ҳам Шинжонда бир қатор бомба ҳужумлари рўй берган бўлиб, Хитой расмийлари бу ҳужумларда ҳамиша уйғур бўлгинчиларини айблаб келганлар.

Аммо уйғур фаоллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекинни уйғур мухолифатини бостириш йўлида бу амаллардан баҳона сифатида фойдаланишда айблайдилар.

2009 йилги этник тўқнашуларда 200 га яқин киши ҳалок бўлган. Шундан сўнг расмийлар минтақада кўп сонли қуролли кучлар аскарларини жойлаштирганлар.

"Амнести Интернешенел" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, зўравонликлардан сўнг 1000 га яқин киши ҳибсга олинган.