Шанхайда янги тартиб - "бир оилага бир ит"

Хитойлик аёл ва унинг ити Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бир пайтлар Хитойда ит боқиш "буржуазия сарқити" ҳисобланарди, аммо ҳозир ит сақлаш модага айланган

Шанхай ҳокимияти уйда ҳайвон боқувчилар учун янги тартиб жорий этилишини эълон қилди.

Бундан буён шаҳарликларга ўз уйларида биттадан ортиқ ит сақлаш мумкин эмас.

Ушбу тартиб жорий йил майидан кучга киради.

Бу Шанхайда 600 мингдан ортиқроқ итнинг ҳимоясиз қолишини англатади.

Янги сиёсат шаҳар қонун чиқарувчилари ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

Ўтган йили 140 мингдан ортиқ одам дайди итлар ҳужумига учраганларини айтиб, полицияга шикоят қилишган.

Мутахассислар фикрига кўра, бундай "ноқонуний" итлар Шанхайда қонунан рўйхатдан ўтган итлар сонидан тахминан тўрт баробар кўп.

Итга ҳам пасспорт керак

Янги тартибга мувофиқ, рўйхатдан ўтмаган итлар эгалари уларни ё май ойига қадар рўйхатдан ўтказишлари ёда маҳаллий ҳукуматга топширишлари шарт.

Уйида қонунан уйида иккита ит боқаётганлар уларни сақлаш ҳуқуқига эга, бироқ, бундан буён фақат уйида ҳайвони бўлмаганларгина янги итни рўйхатдан ўтказишлари мумкин бўлади.

Бироқ мутахассислар одамларнинг янги тартибни четлаб ўтиш йўлларини ўйлаб топишларига шубҳа қилишмайди.

Мисол учун, Шанхайда бир оилага тегишли уйлар ададини камайтириш ҳақидаги қонун кучга кирганда баъзи эр-хотинлар кўпроқ уй-жойга эга бўлиш учун расман бир-бирларидан ажрала бошлашди.

Полиция биринчи майдан бошлаб кўчаларда дайди итлар сони кескин ортиши мумкинлигидан хавотирда.

Бундан ташқари, янги қоидаларга кўра, жангари итларни уйда сақлаш таъқиқланади.