Россия ўз армиясини қайта қуроллантирмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Бошлаб юборилган ислоҳотлар доирасида аскарлар сони ҳам қисқартирилмоқда

Россия ўз қуролли кучларини қайта қуроллантириш учун 650 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда.

Бу Совет Иттифоқи қулаганидан бери Россия армиясининг энг йирик қайта қуроллантирилишидир.

Келгуси 10 йил ичида мудофаа вазирлиги юзлаб қирувчи учоқлар, мингта тикучар, саккизта ядровий сувости кемалари, тўртта учоқ ташувчи кема ва янги аксил-ракета тизимларини сотиб олишни мўлжалламоқда.

Бу савдо режаси Мудофаа Вазири Муовини Владимир Поповкин томонидан эълон қилинган.

Унинг айтишича, 650 миллиард долларнинг аксар қисми қурол-аслаҳа сотиб олишга сарфланади. Илмий тадқиқот учун эса умумий миқдорнинг 10 фоизи ишлатилади, холос.

Танқидчиларга кўра, Россия агар бу режани амалга оширмоқчи бўлса, аввало қурол ишлаб чиқариш саноатини замонавийлаштириши керак.

Бугунги кунда Россия ҳарбий арсеналининг фақат 10 фоизигина замонавий қурол-аслаҳадан ташкил топган.

Қолган 90 фоизи эса шўролар давридан қолган.

Армияни қайта қуроллантириш режаси Россия мудофаа соҳасида давом этаётган ислоҳотларнинг бир қисмидир.

Мазкур ислоҳот аскарлар сонининг озайтирилиши ва аскарларни яхшироқ қуроллантиришни ҳам кўзда тутади.

Аммо, ислоҳотлардан кўп ҳарбийлар норозилар. Ўтган икки йил ичида 140 минг аскар ўз иш жойидан айрилган.