Собиқ маҳбус:Гуантанамо кичик, Покистон катта қафас...

Image caption "Ҳайвонга ҳам бундай муносабат қилмайдилар..."

Деярли ҳар тун Саад Иқбол Мадний бақириб уйғонади. Покистонлик Қуръон ҳофизи беш йилдан ортиқроқ Гуантанамодаги "арвоҳ" маҳбуслардан бири бўлди. Маҳбус 746.

Босриқишлар тўлган узун тунларда у ҳамон Гуантанамода уйғонади. Ҳамон маҳбус.

" Мени ҳисбга олганларидан бери то ҳозирга қадар, деярли ҳар тун мен ё йиғлаб ва ё додлаб уйғонаман," дейди у ва кўзларига ёш олади.

"Мени қандай куйларга солишганини унутолмайман. Бунақа муносабатни одам ҳайвонга ҳам қилмайди. Ҳайвонни шунча қийнамасангиз, одамни қандай хўрлашади? Бунисини билмадим..."

Қуръон ҳофизлари ўртасида кечган беллашувда мукофотга сазовор бўлган қори ўз тақдирини ҳикоя қилади.

"Маҳбусни ухлашга қўйишмайди. Ҳар йигирма дақиқада, ярим соатда қўриқчи келади ва маҳбусни уйғотади. Қўллари ва оёқларига кишан уради. Кейин хонама хона, блокма блок кўчиради. Энди кўзимиз илинадиган пайти эса қўриқчилар келиб эшикларни тепишар, бақиришар ва сўкишарди..."

Мадний жанобларининг хўрлик ва зўрлик ҳақида, қийноқлар борасида кўплаб айтган ҳикояларини мустақил тарзда текширишнинг имкони йўқ.

Аммо Гуантанамода ўтириб чиққан бошқа маҳбусларнинг ҳикояларида унинг айтганлари аксланади.

Саад Иқбол Маднийнинг ҳикоялари жуда батафсил.

"CIA ( Марказий Жосуслик Агентлиги) мен билан сизда фотографик хотира бор деб ҳазиллашарди".

Марказий Жосуслик Хизматини унинг айбловларига жавоб беришдан бош тортди.

Аммо АҚШ Мудофаа вазирлиги Би-би-сига, Гуантанамодаги маҳбусларга қийноқ қўлланилмаслиги, уларга қонуний ва инсоний муносабат кўрсатилишини айтди.

Жаноб Мадний ҳассага таяниб юрадиган бўлган ва у " мен қийноқлар қўлланилганига тирик гувоҳман," дейди.

У ўз жонига қасд қилгани ва шундан кейин қийноқлар авж олганини, уни олти ой музлатиладиган қафасга ташлашганини даъво қилади.

Қандай қилиб морфин бангисига айлангани ҳақида

Image caption Гуантанамода қийноқлар қўлланиши ҳақида айбловлар биринчи марта янграётгани йўқ

" Улар мени яланғоч қилишди. Фақат ич кийимда қолдим. Шу ҳолимда тор қафасга солишди."

" Кейин кондиционерни баланд қилиб қўйдилар. Сўроққа чиқаришди. " Энди айбингни бўйнингга оласанми йўқми?" деб сўрадилар. Йўқ дедим. Очлик эълон қилдим. Чунки ортиқ чидолмасдим. Менга оғриққа қарши кодеин ва морфин бера бошлашди."

Озод этилганига қадар Мадний жаноблари морфин "банги"сига айланди.

Унинг Лаҳордаги доктори Муҳаммад Ҳарис Бурки буни тасдиқлайди.

" Дорилар билан қийнашган уни," дейди доктор Бурки. " Уни банги қилиб қўйишган ва беш ой деганда зўрға ўзига келди."

Саад Иқбол Маднийнинг тиббий тарихчаси тиббиёт дарслигига ўхшайди. Унга қўйилган ташхислар қаторида, уйқусизлик, тушкунлик, хафақонлик, восвос ва яна бир қатор руҳий бузилишларга оид хасталиклар...

Унинг айтишича, Гуантанамодаги докторлар биз сени касал эмас, душман деб биламиз дейишган.

Қорининг даъво қилишича, унинг қулоғи яллиғланганида тиббий ёрдам кўрсатишмаган. Терговчилар билан ҳамкорлик қилсанг, кейин тиббиё ёрдам оласан дейишган.

"Мени "даволашлари"ни кўриб, энди ҳеч қачон бу ердан тирик чиқмасам керак деб ўйлагандим."

"Докторлар уч ойда ўласан дейишди. Чунки инфекция мияга яқин жойда бошланган экан... Ҳар замон мияга қон қуйилиб, фалаж бўлишинг мумкин дейишарди."

Қуръон ҳофизи очлик эълон қилганидан кейин Америка маҳкамаси унинг аҳволини " саломатлиги ҳаётга таҳдид солувчи даражада" деб қарор қилди ва унинг ҳимоячиларига бир маротаба у билан кўришгани рухсат берди.

Қийноқ даъволарини текшириш

Жаноб Маднийнинг муаммолари у Индонезияга сафар қилганида бошланди.

Сафарга у 11 сентябр террор ҳужумларидан бир неча ой ўтиб чиққанди.

Марказий Жосуслик Агентлиги бу вақтга келиб террорчиликда гумон қилинганларни деярли ҳамма жойда қидираётганди.

Қўрқув ва маҳбусларни ноодатий кўчириб сўроққа тутиш даври бошланган эди.

2002 йил январида уни Жакартада учоққа солишади, Британиянинг Диего Гарсия ҳудудида учоқ ёнилғи олади ва Мисрга парвоз қилади.

Британия бу оролда икки учоқ ёнилғи учун тўхтаб ўтганини тан олади.

"Reprieve" аталмиш хайрия ташкилоти Буюк Британияда қийноқларга доир текширувлар бошланиши арафасида Мадний жанобларининг ишини кўтариш ниятида.

"2002 йилда Саад Иқбол Мадний Британия ҳудудидан, Британия ҳукуматининг огоҳлиги ва розилиги билан қийноқлар сари олиб ўтилган," дейди ташкилот директори Клайв Стаффорд Смит.

" Тўққиз йил ўтди орадан... Британия ҳеч қурса буни тан олиши ва узр сўраши керак."

Мадний жаноблари Мисрга келтирилганида Миср хавфсизлик ходимлари уни кутиб туришган.

Америкалик жосуслар кўз ўнгида, Мисрликлар энг "ифлос" амалларни бажариб беришди.

"Мени қабрдан ҳам кичикроқ жойга киритдилар," дейди у.

" 92 кунда мен рисолагидай ётолмайдиган бўлиб қолдим. Мендан Ричард Рейд ҳақида сўрашди. 11 сентябр ҳужумлари ҳақида нима биласан деб сўроқ қилдилар. Мен билмаслигимни айтганимда, тиззамга электр токи тегизиб қийнашди. Бир неча марта ҳушимдан кетиб қолдим."

Кейин Багром ҳаво базасига, Афғонистонга келтиришади уни. Бу ерда Саад Иқбол Маднийга овқат беришмайди, баъзида итларга талатишади ва бу ҳолат ўн ойча давом этади.

Уйга ва ё "катта қафас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Гуантанамо кичик қафас..."

2003 йилнинг март ойида уни Гуантанамога жўнатишади.

Саад Иқболга душман тамғаси ёпиштиралади.

Ал Қоида аъзоси ва террорчилик амалини режалаштиришда айблайдилар.

" Бир йил менга 15 та жиноятда айбдорсан дейишди. Кейинги йил эса 8та дейишди. Озод этишларидан аввал эса барча айбловларни бекор қилдилар."

Мадний жаноблари Покистон ва ё бошқа жойдаги экстремистик гуруҳлар билан алоқаларим йўқ дейди.

Зотан у Индонезиядаги радикал исломий гуруҳ бўлмиш Ислом Ҳимоячилари Жабҳаси аъзолари билан кўришганини эътироф этади.

Аммо " мен уларни Америка террорчи гуруҳ деб таниганидан бехабар эдим," дейди.

"Улар билан дин уламолари бўлганлари учун учрашганман, мен билан улар Қуръон ҳофизи бўлганим учун танишишган," дейди Мадний.

У 11 сентябрда бегуноҳ инсонлар қурбон бўлганини қоралашини айтар экан, Усама Бин Лоден борасида фикр билдиришни истамайди.

" Мен уни танимайман, шунинг учун ҳам у ҳақда бирор нарса дейишни истамайман."

2008 йилда Америка уни озод этиш қарорини берар экан, Покистондагилар қорини "муштоқ"лик ила кутмаётгани маълум бўлди.

Унинг номини ўз ҳукумати аксил террор кузатув рўйхатига тиркаб қўйди.

Мадний жаноблари бу чекловларга қарши маҳкамага мурожаат қилди.

Чунки чеклову таъқиқлар уни " ўз жонига қасд қиладиган аҳволга" етаклаган.

"Мен Гуантанамо Бейдагидан кўра ҳам кўпроқ қийналаяпман бу ерда," дейди у.

" Америка маҳкамаси мени озод этган экан, нима учун Покистон ҳукумати уй қамоғига ҳукм қилади? Ишлолмасам. Ўз оила аъзоларим билан кўришолмасам. Шаҳардан чиқолмасам..."

Саид Иқбол Гуантанамо ва Покистон ўртасида деярли фарқ йўқ менинг учун дейди...

" У ёқда қафас кичикроқ эди, Покистонда эса бу қафас каттароқ... Фарқи шу."