Қаддофий тарафдорларини қуроллантирмоқчи, ўғли эса оташкесимни истайди

Ливиядан келаётган охирги хабарларга кўра, Триполида тун бўйи отишма овози эшитилиб турган ва бир пойтахт яшовчисининг айтишича, электр таъминотида узилиш рўй берган.

Жума куни яна мурожаат билан чиққан Муаммар Қаддофий унинг бошқарувига қарши чиққанларни бостириб ташлаш билан пўписа қилди.

Мамлакат шарқидаги мухолифат қўлига ўтган Бенғози шаҳрида эса маҳкама биноси ташқарисида аксилҳукумат намойишчиларнинг кичик гуруҳи қолган.

"Биз Қаддофий кетмагунга қадар норозилигимизни давом эттирамиз. Агарда у ўз мавқеида қолишга ҳаракат қилса, биз уни сиқиб чиқарамиз. Мен Триполи яшовчиларига айтмоқчиманки, биз яқин орада уларга ёрдамга келамиз. Оллоҳнинг иродаси билан эртами-кечми у ерга етиб борамиз", - деб айтди бенғозилик намойишчи.

Ливия телевидениеси эса Полковник Қаддофийнинг Триполи марказидаги майдонда йиғилган ўз тарафдорлари ўнгида қилаётган нутқини олиб кўрсатган.

Муаммар Қаддофий уларни қуролланиб Ливия ва унинг нефт манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр бўлишларига даъват қилди.

Унга кўра, керак бўлган тақдирда мамлакат қурол-яроғ заҳиралари уларга тарқатилади.

"Биз ҳар қандай тажовузни енга оламиз, халқнинг қатъияти ва қуролланган одамлар билан ҳар қандай тажовузни енгамиз. Агар лозим бўлса қурол-яроғ заҳиралари очилади ва Ливия халқига тарқатилади. Ҳамма Ливия қабилаларига тарқатилади. Ливия қизил аланга ичида қолади, кул бўлиб ёнади", - деди Муаммар Қаддофий.

Полковник Қаддофийнинг оҳанги ўта қатъий бўлса, Триполида мамлакатга таклиф қилинган хориж ва маҳаллий журналистлар ўнгида гапирган ўғли Сайф ул-Ислом Қаддофий вазият нормаллашаётганини таъкидлашга ҳаракат қилди.

Унга кўра, одамлар Ливиядаги ҳодисалар ҳақида ёлғон гап тарқатмоқдалар.

Сайф ул-Ислом Оврўподан кузатувчилар келиб, вазиятни ўз кўзлари билан кўриб баҳо беришлари мумкинкилигини айтди.

Унга кўра, Ливиядаги "террорчилик амаллари"ни Ал-Қоида ташкиллаштирмоқда.

"Биз Ал-Қоида ҳақида гапирмоқдамиз. Кеча Ал-Қоида Ливиядаги гуруҳларни дастаклаб баёнот чиқарган. Интернетга кириб қидирсангиз, бу баёнотни топасиз. Ал-Қоида томонидан чиқарилган расмий баёнотда бу террорчи гуруҳлар қўллаб-қувватланаётганини кўрасиз", - деди Сайф ул-Ислом Қаддофий.

Айни дамда у икки ғарбий шаҳарда, хусусан Мисрата ва Завияда ҳукумат кучлари "муаммо"га эга эканликларини айтди, бироқ аксилҳукумат намойишчилар билан оташкесимга эришишга умид қилинаётгани учун бу шаҳарларда бошқа ҳужумлар амалга оширилмаслигини билдирди.