Миср: Ҳусни Муборакка мамлакатдан чиқиб кетиш таъқиқланди

Ҳусни Муборак Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳусни Муборак тўплаган бойликнинг қанчалигини ҳеч ким аниқ билмайди

Миср прокурори мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ва оиласига мамлакатдан чиқиб кетишни таъқиқлаб қўйди.

Буйруқ Муборак оиласи банк ҳисобларини музлатишни ҳам назарда тутади, деди Миср прокурори сўзчиси.

Мисрни деярли 30 йил идора қилган жаноб Муборак шу йилнинг 11 февралида оммавий ғалаёнлар тўлқинида истеъфога чиққанди.

Унинг соғлиги ёмонлашгани ва ҳозирда Шарм аш-Шайхдаги дала ҳовлисида яшаётгани ишонилади.

Ҳусни Муборак истеъфо берганидан буён чиқиш қилгани йўқ.

У ҳокимиятни ҳарбийларга топширган, улар эса муваққат ҳукуматга янги конституция тузиш ва сайловлар ўтказиш топшириғини берганлар.

Миср прокуратурасининг айтишича, Муборак оиласининг хорижга чиқишини таъқиқлаш ва бойликларини музлатиб қўйиш қарори уларга қарши шикоятларни ўрганиш асносида олинган.

Муборак оиласига нисбатан прокуратурага шикоят аризаси ким томонидан топширилгани ошкор этилмаган.

Буйруқ жаноб Муборак, унинг турмуш ўртоғи Сузанна, уларнинг икки фарзанди - Ала ва Гамал - ҳамда уларнинг хотинларига таалуқлидир.

Миср муваққат ҳукумати аллақачон дунёнинг қатор ҳукуматларидан Муборак оиласи номига хориж банкларига қўйилган пулларни музлатиб қўйишни талаб қилган.

Миср ҳукуматига мухолифатда бўлганлар муваққат ҳукуматдан Муборак оиласига тегишли бўлган бойликларни текшириб чиқишни талаб қилиб босим ўтказмоқдалар.

Ҳусни Муборак хонадони бойлигининг 1 миллиард доллардан 70 миллиард долларга қадар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Бироқ, жаноб Муборакнинг ҳуқуқий вакиллари собиқ президент ҳокимиятда экан улкан бойлик тўплагани ҳақидаги хабарларни рад этганлар.

Ҳозирга қадар жаноб Муборакнинг уч собиқ мулозими - Ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий, Туризм вазири Зуҳайр Гарана ва Уй-жой қурилиш вазири Аҳмед ал-Мағрабийга нисбатан коррупцияга боғлиқ айбовлар қўйилган.

Миср прокуратураси мулозимларининг маълум қилишларича, келгуси ҳафта жаноб ал-Адлийга нисбатан маблағларни ноқонуний ўзлаштириш айблови билан маҳкама иши бошланади.