Нажмиддин Эрбоқоннинг дафн маросимида юз минглаб одамлар қанташдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Истанбул шаҳрида Туркиянинг собиқ бош вазири, замонавий исломий ҳаракат асосчиси Нажмиддин Эрбоқоннинг дафн маросими бўлди.

Дафн маросимида юз минглаб инсонлар қатнашганлар.

Туркиядек дунёвий мамлакатда Ислом динини сиёсий кучга айлантирган Нажмиддин Эрбоқон якшанба куни Анқара шифохонасида 85 ёшида вафот этди.

Дафн маросимида Туркия раҳбарлари қатнашганлар, Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон Истанбулдаги "Фотиҳ" жомеъсида ўтган жаноза маросимида иштирок этиш учун Олмонияга сафарини қисқартирган.

Жанозада 60 тача мамлакат - Миср, Ҳиндистон, Покистон ва Индонезия вакиллари қатнашганлар.

"Фотиҳ" жомеъси атрофидаги кўчалар, биноларнинг томлари ва уйларнинг дераза ва балконлари эркагу-аёл таъзиячиларга тўлган, Истанбул полицияси дафн маросими иштирокчиларининг сонини "бир неча юз минг" деб атаган.

Нажмиддин Эрбоқон Туркияда замонавий сиёсий Исломнинг тамалини қўйган ва ҳозир қудратда бўлган ҳукуматни ҳарбийлар томонидан дастакланган дунёвий доираларга қарши курашга илҳомлантирган сиёсатчи сифатида кўрилади.

Нажмиддин Эрбоқон 1970 йилларда исломий ҳаракатга асос солган, унинг "Рафоқ" партияси бошида Туркиянинг қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган анъанадор қашшоқ инсонлар дастагига таянган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

1980 йилги ҳарбий давлат тўнтариши ортидан марҳум Эрбоқоннинг сиёсий фаолият юритиши тақиқланган эди.

"Рафоқ" партияси 1995 йилдаги парламент сайловларида ғалаба қозонади, мамлакатда коалицион ҳукумат барпо этилади.

1996 йилда Нажмиддин Эрбоқон аҳолисининг аксари мусулмон, бироқ дунёвий мамлакат ҳисобланган Туркияда қудратга келган биринчи исломий Бош вазир бўлди.

У атиги бир йил ҳукуматни бошқарди.

Қудратли ҳарбийлар Эрбоқонни истеъфога чиқишга мажбурладилар.

1998 йилда Туркия маҳкамаси "Рафоқ" партиясини конституцияга зид фаолиятда айблаб, фаолиятини маън этди.

Марҳум Эрбоқон ва партиянинг қатор аъзоларининг беш йил мобайнида сиёсат билан шуғулланишлари ҳам тақиқланди.

Ўшанда "Рафоқ" партиясининг тўрт миллиондан зиёд аъзоси бўлган.

Исломий партиянинг тақиқланиши янажа қаттиқ тартиб-интизом ўрнатилган "Адолат ва Тараққиёт" партиясининг ташкил этилишига йўл очган.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон раҳбарлигидаги "Адолат ва Тараққиёт" партияси бугун Туркиядаги қудратдаги партиядир.

Сиёсий фаолиятини тўхтатмаган марҳум Эрбоқон "Исломий саодат" партиясига асос солган.

2007 йилдаги парламент сайловларида "Исломий саодат" партияси 2,3 фоиз овоз тўплагани хабар қилинган.

Дастлаб 2002 йилдаги парламент сайловларида катта ғалабага эришган "Адолат ва Тараққиёт" партияси 2011 йилнинг июн ойига мўлжалланган парламент сайловларида ҳам учинчи марта ғалабага эришади, деб кутилмоқда.