1 мартдан бошлаб Россияда милиция полицияга айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption 2012 йилнинг 1 январигача бинолар, автомобиллар ёки бошқа жойлардаги ёзувларни ўзгартириш, ҳужжатларни алмаштириш режаланган

Россияда кучга кирган янги қонунга кўра, 2011 йил 1 мартидан бошлаб мамлакатда милиция полиция деб аталади.

Бу борадаги қонун шу йил 7 февралидан кучга кирган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев милицияни полицияга айлантиришнинг ташкилий масалаларига тааллуқли қўшимча етти фармонни имзолаган.

Янги қонунга кўра, ушбу ҳуқуқни муҳофаза этиш органининг ходимлари кимнидир ҳибсга олишга қарор қарор қилса, бу инсонга аввваламбор унинг ҳуқуқларини тушунтиришлари талаб этилади.

Полиция ҳибсга олмоқчи бўлган шахснинг ҳуқуқий кўмак олишга, таржимон хизматидан фойдаланишга, яқинларини хабардор қилишга ва кўрсатма беришдан бош тортиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилиши лозим.

Кузатувчиларга кўра, қонуннинг ушбу бандлари Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари манфаатига мос келади.

Боиси, деярли ҳар куни милиция ходимларининг Марказий Осиё мамлакатларидан борган муҳожирларга нисбатан ўзбошимчаликлари ҳақида хабарлар тарқалади.

Қонунга биноан, қўлга олинган шахснинг яқинлари ёки бошқа бир инсонга бир марта телефон орқали боғланиш ҳуқуқи бор.

Энди Россия полициясига инсонга нисбатан шафқатсиз ёки таҳқирли муомала қилиш, қийноқ қўллаш тақиқланади.

Шунингдек, жамоат тартибини сақлаётган полицияларнинг намойишчиларга нисбатан калтак ёки бошқа махсус воситаларни ишга солишга ҳақлари йўқ.

Полиция ходимларининг маҳкама фармонисиз бирор бир инсоннинг уйига киришлари мумкин эмас.

Россия милициясини полицияга айлантириш ташкилий ишлари учун ўташ даври кўзда тутилган.

2012 йилнинг 1 январигача бинолар, автомобиллар ёки бошқа жойлардаги ёзувларни ўзгартириш, ҳужжатларни алмаштириш режаланган.