'Россияликларнинг 73 фоизи Горбачев даври ҳақида салбий фикрда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Горбачев СССР халқлари, жумладан, ўзбекистонликларга ҳам мамлакатнинг янги тарихида қиёси бўлмаган сиёсий эркинликларни берган эди

Россия омма фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг 73 фоизи Михаил Горбачев ва унинг даври ҳақида салбий фикрда.

2 март куни 80 ёшини қаршилаган СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачев ғарбда дунёни ўзгартирган шахс сифатида ҳурмат қилинади.

Аммо ватандошларининг аксарияти у ҳақда салбий фикрда.

СССР парчаланишидан 20 йил ўтиб, кўпчилик россияликлар Горбачевни ўзи бошлаган ислоҳотлар устидан назоратни ва пировардида империяни бой берган шахс сифатида кўрадилар.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенбергга кўра, шунинг учун ҳам россияликлар Горбачевнинг туғилган кунини байрам қилишаётгани йўқ.

"Горбачев жамғармаси" тарқатган хабарда айтилишича, Михаил Горбачев 80 йиллик таваллуд айёмини оила-аъзолари даврасида нишонламоқда.

'Ёқимсиз хотиралар'

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, охирги 10 йилда россияликларнинг Горбачев ҳақидаги фикрлари сезиларли даражада ўзгарган.

Уни ҳурмат қиладиганлар сони ҳам, ёмон кўрадиганлар сони ҳам камайган.

Айни пайтда Горбачев шахсига бефарқ бўлган россияликлар сони икки баробарга ортган.

Сўров натижаларига кўра, Горбачевга, асосан Путиннинг "Ягона Россия" партияси тарафдорлари, шунингдек, сайловларда иштирок этмайдиганлар ҳамда 35 ёшдан пастдагилар бефарқ.

Парламентда бўлмаган партиялар, жумладан, "Адолатли Россия" партияси ҳамда 25-59 ёш ўртасидагилар Михаил Горбачевни кўпроқ ҳурмат қилишади.

Уни ёмон кўрадиганлар эса, одатдагидек, Коммунистик партия тарафдорлари ва қариялардир.

Сўров натижаларидан маълум бўлишича, россияликларнинг 73 фоизи Горбачев ва унинг даври ҳақида бирон ижобий фикр айтишга қийналадилар.

Қолганларнинг 10 фоизи демократик эркинликлар ва тадбиркорликни Горбачевнинг хизматлари сифатида қайд этишади.

Яна 5 фоиз россияликлар эса, Горбачев совуқ урушга барҳам берганини таъкидлайдилар.

Бундан ташқари, сўралганлар тартибсизликлар, талон тизимининг жорий қилиниши ва "мамлакатни Ғарбга сотганлик" каби воқеъликларни тилга олишган.

Сўралганларнинг 1 фоизи Горбачевни Афғонистонга қўшин киритилиши учун қораласа, 2 фоиз одам эса уни Афғонистондан қўшинларни олиб чиққани учун олқишлайди.

Бугунги кунда Горбачев даврининг россияликлар хотирасидаги энг зиддиятли воқеалари қайта қуриш ва ичкиликбозликка қарши кураш экан.

Айрим россияликлар уларни Горбачев даврининг ютуғи деса, бошқалар ўша давр ҳақидаги ёқимсиз хотиралар сифатида тилга олишади.

80 ёшли Горбачев Россия сиёсий саҳнасида ҳануз фаол.

Охирги пайтларда у Медведев ва Путин бошқаруви ҳақида танқидий баёнотлар билан чиққан.

Жумладан, у ҳукуматдаги "Ягона Россия" партиясини "КПССнинг энг ёмон нусхаси" деб атаган.